Президент фермерларга енгиллик берди
Жамият
−
19 Март
8916Фермерлар солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилади. Бу ҳақда бугун, 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида маълум қилинди.
“Эндиликда кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган норматив ҳужжатлар қабул қилишга ҳам уч йиллик мораторий эълон қилинади.
Фермерлар учун ҳам муҳим янгилик – солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилади”, деди Президент.
Шунингдек, ҳозирда барча тоифадаги тадбиркорларга фаолиятини тугатиш учун бир хил талаб белгиланган. Яъни, каттами-кичикми, барчаси молиявий аудитдан ўтишга мажбур. Оқибатда, ихтиёрий тугатишга ариза берган минглаб кичик корхоналар қачон текширувчи келиб, аудитдан ўтказишини кутиб турибди.
Шу боис бу жараён ҳам соддалашиши эълон қилинди. Охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи бўлмаган корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмайди.
Бундан ташқари, 2028 йил 1 январга қадар ҚҚС ва фойда солиғи ставкаси оширилмаслиги белгилаб қўйилган.
Президент тадбиркорларда янгилик қилиш, таннархни пасайтириш, сифатни яхшилаш орқали янги бозорларга чиқишга иштиёқ тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бунинг учун қаерга бориб, кимга учрашиш, қаердан мутахассис, янги технология олиб келишни билмаслиги қайд этилди.
Шу боис 20 та туманда кичик ва ўрта саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилади. Уларга хорижий муҳандис, технолог, дизайнер, бухгалтер ва маркетологлар олиб келинади. Бу мақсадларга шу йилнинг ўзида 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Лойиҳа офислари корхоналарга таннархни тушириш, сифат ва технологияни яхшилашга, уларни йириклаштириб, саноат даражасига олиб чиқишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, кичик бизнесда янги “драйвер” бўладиган ускуна ва дастгоҳлар, тиббий воситалар, электроника саноати, логистика каби соҳаларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилинади.
LiveБарчаси