Президент энергия инқирозида кимлар айбдорлигини номма-ном айтди
Жамият
−
15 Декабрь 2022
29434Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда кузатилаётган энергетика инқирозида Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмонов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ раиси Дадажон Исақулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси Улуғбек Мустафоев, “Ўзтрансгаз” АЖ раиси Бекзод Норматов, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарларини айблади.
Айни вақтда давлат раҳбари раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилиш аввалида давлат раҳбари сўнгги кунларда аҳолини қийнаётган энергия таъминоти масаласига тўхталиб ўтди.
Охирги олти йилда соҳада катта ўзгаришлар бўлгани, жумладан:
• 5 минг мегаваттдан ортиқ янги электр қувватлари яратилгани (аввалги 25 йилда бор-йўғи 3,3 минг мегаватт қувватлар ишга тушган);
• 45 минг километр электр тармоқлари ва 13 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари янгилангани (бу ҳам аввалги йилларга нисбатан 3-4 баравар кўп);
• суюлтирилган газ ва кўмир ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошгани таъкидланди.
“Лекин бир ҳафта бўлган совуқда О.Раматов, М.Абдуллаев, Ф.Абдурахманов, Д.Исакулов, У.Мустафоев, Б.Норматов, Б.Эшмуродов, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари пастда ишламагани кўриниб қолди.
Улар қишга тайёргарликни барбод қилди, шунча қилаётган ислоҳотларимизни обрўсизлантирди.
Ваҳоланки, уларнинг тизимида 115 мингдан зиёд ходимлардан иборат катта армияси бор. Улар ҳам ойлик олади”, дейди Президент.
LiveБарчаси