Президент энергетика тизимининг янги раҳбариятига муҳим вазифалар юклади

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Энергетика вазирлигига тармоқда ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, соҳа корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини тизимли ташкил этиш вазифаларини юклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 6 август куни Шавкат Мирзиёевга энергетика тармоғи олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берилган.

Жорий йил 27 июль куни давлат раҳбари раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги устувор масалалар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда соҳадаги бошқарув, жойларда электр ва газ таъминоти барқарорлиги, авариялар ҳамда энергия йўқотишларини қисқартириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинган.

Хусусан, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ ишларни “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этиш, ҳудудларнинг энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқлар ва ускуналарни хатловдан ўтказиш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Тақдимотда Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Ўзэнергоинспекция янги раҳбариятининг мазкур топшириқлар ижросини ташкил этиш борасида олиб бораётган ишлари ҳамда келгуси режалари кўриб чиқилган.

Жумладан, ҳозирда Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича махсус штаб фаолият юритмоқда. У ерда тадбиркорлар ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, узилишлар, қувват етишмаслиги, газ босимининг пасайиши, техник шартлар олиш ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар бевосита ўрганилмоқда.

Янгийўл тумани тажрибаси асосида бошқа 13 та туманда ҳам ушбу ёндашувдаги намунавий тизим яратиб, кейинчалик уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улаш учун техник шартларни расмийлаштириш жараёнларининг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида муаммоли тармоқлар ва ускуналарни янгилаш, энергия йўқотишларини камайтириш, энергия самарадорлиги чораларини кўриш, авариявий узилишлар сабабларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, соҳа ходимларига вазифаларни электрон тизим орқали етказиш, ижросини назорат қилиш ва фаолият самарадорлигини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш механизмлари ишлаб чиқилмоқда. 

Энергетика вазирлигига тармоқда ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, соҳа корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини тизимли ташкил этиш вазифалари юклатилган.

“Ҳудудий электр тармоқлари”га жойларда электр таъминоти барқарорлигини ошириш, инфратузилмани босқичма-босқич модернизация қилиш, авариявий узилишларни камайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш топширилган.

Ўзэнергоинспекция зиммасига энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, техник талабларга риоя этилишини таъминлаш, йўқотишларни қисқартириш ва йирик истеъмолчиларни энергия аудитидан ўтказишни жадаллаштириш вазифалари қўйилган.

Табиий газ етказиб бериш имконияти чекланган маҳаллаларни мавсумга тайёрлаш, суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни кенг жалб қилиш, соҳадаги жараёнларнинг мониторингини юритишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Давлат раҳбари барча чораларни манзилли ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш, аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқларини электр ва газ билан барқарор таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг