Президент БАА билан ҳамкорликдаги энергетика лойиҳалари билан танишди

Жамият

image

Бугун, 12 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, жорий йилда БАА билан ҳамкорликда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилган. Ҳамкорлик, хусусан, энергетика соҳасида жадал ривожланмоқда. Бу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган йили Навоий вилоятида мамлакатдаги биринчи қуёш электр станцияси айнан Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган. Бугунги кунда у бир кеча-кундузда 1 миллион 180 минг киловатт соат электр энергияси етказиб бермоқда.

Йиғилишда жорий йилдан Бирлашган Араб Амирликлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича янги тизим йўлга қўйилганига ҳам тўхталиб ўтилган. Тақдимотда энергетика соҳасидаги лойиҳалар ижроси ана шу тизим асосида кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, энергетика соҳасида БАА билан яна 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш келишилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади. Хусусан, “Mubadala” ва “Taqa” компаниялари билан ҳамкорликда Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва қувватини ошириш, “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида шамол, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш мўлжалланган.

Йиғилишда мутасаддилар лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва йил якунигача мўлжалланган чора-тадбирлар юзасидан Президентга ахборот берган. 

Давлат раҳбари бу лойиҳалар энергетика тизими барқарорлигига ҳамда иқтисодиёт тармоқларига инвестиция оқими янада кўпайишига замин яратишини таъкидлаган.

Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ҳақида сўз борар экан, бу лойиҳа иссиқлик электр станцияларини бошқариш ва энергия ишлаб чиқаришда намунавий бўлиши кераклиги қайд этилган.

Президент Матбуот хизмати хабарига кўра, “Masdar” компанияси билан қайта тикланувчи энергетика соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар 2030 йилгача мамлакатда “яшил энергетика” улушини 25 фоизга етказишда муҳим қадам бўлади. Шу боис, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур битим ва ҳужжатлар имзолашни тезлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-БАА

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг