Президент Администрациясида катта рокировка

Таҳлил

Шахматда ҳар бир донанинг ўз вазифаси бўлгани каби давлат бошқарувида ҳам кадрларнинг масъулиятли иши мавжуд. Ҳар бир раҳбар ходим ўз вазифасини сидқидилдан, масъулият билан бажарса, бошқарув тизими изчил ва самарали ишлайди. Тизимдаги ҳар бир бўғин ўз функцияларини тўғри бажарса, натижада жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги ва давлат мустаҳкамлиги таъминланади.

14 июль куни Ўзбекистонда, Президент Администрациясида катта тайинловлар амалга оширилди. Кимлардир лавозимдан олиниб, яна лавозимга қўйилган бўлса, яна кимлардир аввалги ишида қолди. Мамлакатда “рокировка” амалга оширилди. Ҳозир ана шу тайинловлар ҳақида сўз юритамиз.

Ўтган ойда Президент фармони билан Президент Администрацияси тузилмасига ўзгартиришлар киритилиб, 2023 йилнинг август ойида тугатилган Президент Администрацияси раҳбари лавозими қайта ташкил қилинганди ва унга давлат раҳбарининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева тайинланганди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар – таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди. Бундан ташқари, Президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.

2019 йил 2 февралда ташкил қилинган Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилиши маълум қилинди.  2019 йил 4 февралдан 2020 йил 29 январга қадар АОКА директори вазифасини Комил Алламжонов бажарган. 2020 йилнинг июлидан бери агентликка Асаджон Хўжаев раҳбарлик қилиб келади. 

Шунингдек, давлат идораларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилмоқда. Фармонга кўра, матбуот котиблари институти янада мустаҳкамланади, аҳоли билан коммуникация қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда. Айрим йўналишларда Президент вакиллари лавозимлари жорий этилди. Президент матбуот хизматига кўра, эндиликда ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва лойиҳа Президент Администрацияси ҳузуридаги илмий-таҳлилий институтлар тадқиқотлари, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг тавсиялари асосида ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, муҳим йўналишлар лойиҳа офислари орқали амалга оширилиши, Администрация фаолиятида “комплаенс” тизими йўлга қўйилиши, бу эса шаффофликни таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди. Вазирлик ва идораларнинг қарор қабул қилишдаги мустақиллиги ошириладиган бўлди.

Юқорида биз Администрация раҳбарининг 5 нафар ўринбосари лавозими ташкил қилингани ҳақида сўз очган эдик. Улардан бирини 2022 йилдан бери мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлиб келган Ҳилола Умарова эгаллади. Вазир Умарова эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосарига айланди. Иккинчиси эса сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Темур Бутунбоев. У Саида Мирзиёеванинг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари бўлди, шу туфайли ўтган йилнинг февралидан буён ишлаб келаётган “замминистр”лик лавозимидан кетди. Кейинги ўринбосар эса тадбиркорлик лойиҳалари бўйича бўлиб, унга Шерзод Озодзода тайинланди ва шу муносабат билан Президент Администрациясидаги иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилди. Қолган икки ўринбосар – Нодира Ҳакимова ҳамда Тамила  Алиева бўлиб, улардан Ҳакимова суд тизимини, Алиева эса тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосар сифатида иш бошлади. Президент Администрацияси раҳбари котибияти мудири этиб Дилноза Зиёмуҳаммедова тайинланди. У шу пайтгача Президент ёрдамчиси котибияти мудири эди.

Булар биз санаб ўтган тайинловларнинг ҳамир учидан бир патири эди, холос. Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов ҳам бу ўзгаришлардан четда қолмади. У навбатдаги “тайинловлар куни”да Президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчисига айланди. Умурзоқов 2019 йил 28 январда инвестициялар ва ташқи савдо вазири, 2022 йилнинг 16 июль куни Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган эди. 2023 йилнинг август ойида Президент Администрацияси раҳбари лавозими тугатилганидан сўнг у Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган ва шундан бери у ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди. 

Ўзбекистон ташқи сиёсатини 10 йил бошқарган Абдулазиз Комилов Президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси бўлди. Янги тайинлов муносабати билан у 2022 йилдан буён эгаллаб келган Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимидан озод этилди. Комилов ва Умурзоқовдан ташқари яна 4 нафар Президент маслаҳатчиси тайинланди. Улардан Ғофуржон Мирзаев кадрлар бўйича маслаҳатчи бўлди ва Президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори лавозимидан озод этилди. Равшан Ғуломов эса  фаолиятини давлат раҳбарининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси сифатида давом эттирадиган бўлди ва шу пайтгача эгаллаб келган Президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди. Кейингиси Президент маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров лавозимидан озод этилди ва Президентнинг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди. Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов 2024 йилдан буён эгаллаб келган Президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилиб, Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Тайинловлар ҳали тугамади, яна давом эттирамиз. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Президент Администрациясидаги Коммуникациялар департаментининг раҳбари (Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби) этиб тайинланди.

Биринчи Президент Ислом Каримов даврида Президент Администрацияси ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган ва Каримовнинг энг ишонган одами сифатида қаралган 80 ёшли Зелимхон Ҳайдаров яна биринчи маъмурият давридаги лавозимига қайтди ва Администрациянинг молия-хўжалик департаменти раҳбари лавозимидан озод этилди.

Администрацияда Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбарига ўринбосар бўлиб келаётган Гаяне Умерова Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департамент раҳбарлигига тайинланди.

Ўтган ой Президентга маслаҳатчи бўлган Азиз Мағрупов лавозимидан озод этилди. У 1 ой давомида ташқи инвестициялар масалалари бўйича Президентга маслаҳатчи бўлди. Энди эса ташқи инвестициялар бўйича вакил сифатида ишлайди.

Тайинловлар орасида собиқ энергетика вазири ҳам бор. Алишер Султонов шу кунгача Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчи эди. У лавозимидан олинди ва Президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили қилинди.

Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов ҳам ишдан олинди ва Президентнинг спорт бўйича вакили бўлди. Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев эса Комплаенс хизмат бошлиғи этиб тайинланди.

Ушбу катта тайинловлар доирасида Президент Администрациясидаги 6 нафар раҳбар ходимнинг лавозими ўзгаришсиз қолдирилди. Улар Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими, Президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, собиқ фавқулодда вазиятлар вазири, Президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси 74 ёшли Турсинхон Худайберганов, 2013 йил 21 сентябрда Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланган Виктор Маҳмудов, Президент Администрациясининг Ташқи алоқалар департаменти раҳбари Алишербек Пайгамов, Президент Протоколи раҳбари Улуғбек Қурбонов ҳамда Президент Спичрайтери Хайриддин Султонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг