Президент Администрацияси собиқ мулозими бир ярим ойга ҳибсланди
Олам
−
11:48 10676 4 дақиқа
Бишкекнинг 1 май туман суди Президент маъмурияти ахборот сиёсати бўлимининг собиқ раҳбари Нурғози Анарқуловга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилади. У 2026 йил 10 апрелга қадар қамоққа олиниб, 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Ҳимоя томони маълумотларига кўра, Анорқуловга Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизликлар” моддаси бўйича – уларга тайёргарлик кўришни ташкиллаштириш айби қўйилган. Бу ҳақда унинг адвокати Мунарбек Супатаев эҳтиёт чорасини танлаш юзасидан суд мажлисидан сўнг журналистларга маълум қилган.
Ҳимоячининг сўзларига кўра, унинг ҳимоясидаги шахс айбини тан олмаяпти ва қўйилган айбловларга рози эмас. Шунингдек, адвокат Анорқуловнинг жорий йилда президентлик сайловларини ўтказиш таклифи билан мурожаат қилган 75 кишига алоқаси йўқлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Нурғози Анарқулов 17 февраль куни Қирғизистон-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиб, Қирғизистонга кириб келаётганида қўлга олинган эди. У аввалроқ Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилганидан сўнг унинг номидан баёнотлар тарқатган.
Маълумот учун, Нурғози Анорқулов 2020 йил октябрь ойида Қирғизистон Республикаси Президент аппаратининг ахборот сиёсати бўлими бошлиғи этиб тайинланган. 2021 йил январида катта миқдорда пора талаб қилиш гумони билан қўлга олинган. Суриштирув маълумотларига кўра, у лавозимидан фойдаланган ҳолда юқори давлат лавозимига номзоддан пул талаб қилган. Кейинчалик, у лавозимидан озод қилинган ва уй қамоғига ҳукм қилинган.
Қайд этиш жоиз, ушбу воқеалар Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев лавозимидан озод қилиниши фонида бўлмоқда.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси