Президент 30 йилга етарли сув захираси яратишни буюрди

Жамият

image

Бугун, 22 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

“Ичимлик суви аҳоли саломатлиги, ҳаёт сифатини таъминлашда муҳим манба. Шу боис бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, манзилли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2022 йилларда 12 триллион сўм эвазига 25 минг 300 километрдан ортиқ тармоқлар, 1 минг 800 дан зиёд сув иншоотлари қурилган ва қайта тикланган. Натижада 6 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлган, 4 миллиондан зиёд инсоннинг сув таъминоти яхшиланган. Умуман, бугунги кунда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 70 фоизни ташкил этмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида марказлашган ичимлик суви қамровини 87 фоизга етказиш, 155 та туман марказларида оқова сув тизимини янгилаш мақсади белгиланган. Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида режалаштирилган лойиҳалар шунинг бир қисмидир”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Чуст, Поп, Наманган ва Музработда ичимлик суви таъминоти 50 фоиз бўлиб, аҳвол қолган туманларга нисбатан оғир. Мавжуд тармоқлар ҳам эскирган. Сув қаттиқлиги 1,5 баравар ошгани учун ошқозон-ичак ва урология касалликлари кўпайган.

Янгийўл, Ангрен, Чирчиқ, Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида оқова сув қамрови 60 фоизга ҳам бормайди. Бу кўрсаткич Чуст ва Чиноз туманларида 3 фоиз бўлса, Мингбулоқда умуман йўқ. Охирги йилларда ушбу туман ва шаҳарларда кўплаб уй-жойлар қурилиб, аҳоли сони яна ўсган.

Тақдимотда мутасаддилар мазкур учта лойиҳа бўйича Президентга ахборот берган.

Бу лойиҳалар Сурхондарёнинг Музработ тумани, Наманганнинг 4 та тумани, Тошкент вилоятининг 7 та шаҳар ва туманида амалга оширилади. Улар доирасида 660 километр ичимлик ва оқова сув тармоғи, 4 та сув олиш, 7 та сув тозалаш, 12 та оқова сув станцияси барпо этилади. Жами 1 миллион 200 минг нафар аҳоли эҳтиёжини қамраб олади. Жумладан, 590 минг нафар аҳоли илк бора ичимлик ва оқова сув хизмати билан таъминланиб, 595 минг нафарининг сув шароити яхшиланади.

Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари муҳокама қилинар экан, Президент “улар учун сув манбаи етарлими?” дея савол қўйган. Лойиҳалар доирасида камида 30 йилга етарли сув захирасини яратиш зарурлигини таъкидлаган.

Иккинчидан, қурилиш таннархини арзонлаштириш бўйича тавсиялар берилган. Жумладан, харидларни 80 фоиз маҳаллийлаштириб, 10 фоиз иқтисод қилиш мумкинлиги айтилган.

Яна бир муҳим масала – сарфланган маблағларнинг қайтимини таъминлаш. Чунки кўп жойларда ичимлик суви учун тўлов тушуми тўлиқ эмас. Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида дебитор қарздорлик 210 миллиард сўмга етган.

Шу боис Президент мутассадиларга энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиб, сув етказиб бериш харажатларини қисқартириш, йўқотишларни камайтириш вазифасини қўйган. Барча жараёнларни рақамлаштириш, маҳаллабай ишлаб, тўловни таъминлаш муҳимлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг