Мирзиёев бир гуруҳ тадбиркорларга мукофот топширди

Жамият

image
Ортиқхўжаевдан Ҳошимовгача. Президент бир гуруҳ тадбиркорларни мукофотлади north_east

Ортиқхўжаевдан Ҳошимовгача. Президент бир гуруҳ тадбиркорларни мукофотлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 18 августдаги фармонига мувофиқ, мамлакат иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини ошираётган, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ тадбиркорлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Бугун, 20 август куни Янги Тошкентда мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Тадбиркорлар куни ва яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклади.

“Бугунги маросимда етакчи тадбиркорларни, жамиятимизнинг энг илғор вакилларини кўриб турганимдан хурсандман. Бу соҳада катта ислоҳотларни бошлаганимизда иқтисодчиларда ҳам, тадбиркорларнинг ўзида ҳам қандайдир қўрқув бор эди. Лекин ишонч билан, шижоат билан имконият яратишдан тўхтамадик. Мутасаддиларни, тадбиркорларни эшитишга мажбур қилдик.  Бу ўз натижасини берди, давлат билан тадбиркорлар ўртасида ишонч ошиб борди. Бутун жамият тадбиркорга дўст бўлди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон тадбиркорлари янги ғоя ва ташаббуслари билан барча тармоқларни олға тортаётгани, улар билан биргаликда катта-катта дастурлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

“Биз тадбиркорликка шароит яратдик, улар давлатга елкадош бўлди. Ўтган 4-5 йилда 7,5 миллион аҳолининг бандлиги таъминланди. Бу йилнинг ўзида 3 миллиондан зиёд иш ўрни очилди. Инвестиция ва бизнес муҳитини яхшиламаганимизда бундай натижалар бўлармиди”, дея таъкидлади Президент.

Қайд этилишича, тадбиркорларсиз бунга эришиб бўлмасди. Бугун иқтисодиётнинг турли тармоқларида, айниқса, қишлоқларда аҳолини даромадли қилишда улар ҳаракатлантирувчи куч бўлаётир. Юз минглаб ёшлар, хотин-қизларни касб-ҳунарли қилиш, тадбиркорликка ўргатиш тажрибаси ҳам тадбиркорлар билан ҳамкорлик маҳсули.

“Юртимизда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янги авлоди шакллангани – бу бизнинг катта бойлигимиз ва ютуғимизЧунки ҳар бир тадбиркор инсон ўз ортидан ўнлаб одамни эргаштиради, уларга иш ўргатади, ишли, даромадли қилади, жамият ҳаётига янгилик олиб киради. Сизларни Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари  десак арзийди”, деди Мирзиёев.

Президент ташаббуси билан шаклланган анъанага мувофиқ, ҳар йили илғор тадбиркорлар юксак мукофотлар билан тақдирланиб келмоқда. Бу йил номзодларни танлашда ўз соҳасида барчага ўрнак бўлиб, аниқ натижага эришган, ишлаб чиқариш ва экспорт орқали ҳудудлар, бутун мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маросимда давлат раҳбари ушбу мукофотларни тантанали равишда топширди. Мукофотланганлар соҳани доимий қўллаб-қувватлаётгани ва меҳнатларига юксак эътибори учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, зиёлилар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, бугун “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони имзоланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг