Президент: “Ҳозиргача 4 нафар фуқаромиз табиий офат оқибатида ҳалок бўлган”

Жамият

image

1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон девори бузилиб, сув тошқини юзага келиши оқибатида 4 киши вафот этган, бир киши эса бедарак йўқолган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни видеоселекторда айтиб ўтди.

Президентнинг маълум қилишича, сув тошқини туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида эвакуация қилинган 90 мингга яқин кишидан 53 мингдан ортиғи ўз уйларига қайтган.

“Хабарингиз бор, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Уларнинг барчасига биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилмоқда.

Сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси ишламоқда. Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча масалалар ҳал қилинмагунча Сирдарёга бириктирилган ҳар бир раҳбар кучайтирилган сафарбарлик режимида ишлайди.

Бу ҳудудлардаги одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш керак. Уларга янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратиб беришимиз шарт, деб ҳисоблайман.

Бугунги кунда қатор маҳаллаларда кенг қамровли тозалаш-тиклаш ишлари амалга ошириляпти, натижада 53 мингдан зиёд аҳоли ўз уйларига қайтиши ёки яқин қариндошлари уйига кўчиб ўтиши таъминланди.

Такрор айтаман, давлатимиз, жамиятимиз ҳеч кимни бундай кутилмаган фалокатлар қаршисида ёлғиз ва эътиборсиз қолдирмайди”, деган Президент.

Давлат раҳбари ушбу ҳодиса тўрт кишининг умрига зомин бўлгани ҳақида маълумот берган. Жумладан Миллий гвардиянинг 2 ходимини кучли оқим оқизиб кетганини таъкидлади.

“Одамларимиз ҳаётини сақлаб қолиш ва эвакуация қилишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари муҳим роль ўйнади. Бугунги кунда улар авария ва тиклаш ишларига кенг жалб этилган.

Афсуски, ҳозиргача 4 нафар фуқаромизнинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди. Жумладан, аҳолини хабардор қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш жараёнида Миллий гвардиянинг 2 нафар ходимини кучли сув оқими олиб кетган. Улар ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишди.

Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзимнинг чуқур ҳамдардлигимни билдираман.

Йигитларимизнинг жасорати барча касбдошлари ва ёшлар учун Ватанга, халқимизга содиқлик ва фидокорона хизмат қилишнинг намунаси бўлиб қолади.

Албатта, Бухоро ва Сирдарёдаги офатлар Яратганнинг бизга юборган синови. Бунга сабр қилишимиз, қаттиқ меҳнат билан, биргаликда ёруғ юз билан ўтишимиз керак”, деган Президент.

Аввалроқ, Сирдарёда қутқарув ишлари вақтида Миллий гвардия ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг