Пойтахтда хавфли ўсмаларни даволовчи марказ очилади
Жамият
−
14 Январь 2020
4061Вазирлар Маҳкамасининг 6.01.2020 йилдаги “Радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография марказини ташкил этиш тўғрисида”ги 5-сон қарорига мувофиқ пойтахт Тошкент шаҳрида Радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография маркази очилади.
Марказ Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг чет эл инвестицияси иштирокида “Tek grup saglik hizmetleri” МЧЖнинг таклифига биноан ташкил этилмоқда.
Радиотерапия, асосан, хавфли ўсмаларни даволашда қўлланилади. Позитрон-эмиссионли томография эса – инсоннинг ички органларини тадқиқ этишнинг радионуклидли томография усули ҳисобланади.
Марказни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун 7,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини жалб этилади ва у 1 йил муддатда фойдаланишга топширилади. Шу билан бирга 20 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография йўналишида 2020 йил давомида 5 нафар тиббиёт ходими ўз ҳисобидан чет давлатларга малака ошириш курсларига ўқишга юборилади.
Маълумотларга кўра, марказ ташкил этилгандан 8 йил давомида онкологик касалликларга чалинган беморларнинг (имтиёзли тоифадаги шахслар) уч нафарига ҳар ойда тўла равишда радиотерапия усулида даволаш ҳамда уч нафар беморни позитрон-эмиссионли томография текширувидан бепул ўтказилади.
“Қурилиш вазирлиги лойиҳа доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилади”, - дейилади хабарда.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси