Пойтахт ҳокимлиги тилга кирди. Космонавтлар майдони нега ўзбошимчалик билан таъмирланаётганига изоҳ берилмаяпти
Жамият
−
15 Февраль 2022
7581Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Космонавтлар майдони Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар бузиб ташланаётгани ҳақида эътирозли хабарлар тарқалгани, қурилиш Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонининг рухсатисиз бошлангани, шу боис “MIMAR GROUP” МЧЖга огоҳлантириш хати берилгани ва жараён тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси хулосасиз ўзбошчимчалик билан амалга оширилаётган бузиш ишлари хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий баёнот берди.
“Космонавтлар майдонида Владимир Жонибеков ҳайкали атрофидаги гранит плиталар ҳозирги кунда яроқсиз аҳволга келиб қолган. Шунингдек, йўлаклар ҳам таъмирга муҳтож бўлиб, ёғингарчилик пайтларида майдонда ёмғир сувлари йиғилиб, йўловчиларга ноқулайлик туғдираётган эди.
Шу сабабли малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ майдондаги ёдгорликларни сақлаган ҳолда реконструкция қилиш лойиҳасини ишлаб чиқди.
Таъмирлаш жараёнида боғ замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида янгиланади, йўлаклар тартибга келтирилади ва кенг кўламли ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.
Таъмирлаш жараёнида, бу ердан қатновчи аҳолига ва сайр қилувчиларга учун ноқулайликлар бўлиши мумкин ва улар учун узр сўраймиз”, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарда.
Шунингдек, ҳокимлик Космонавтлар майдонининг келгусидаги ҳолати акс этган суратларни ҳам илова қилган.
Аҳамиятлиси шундаки, бугун шов-шув ва танқидлар, эътирозлар ортидан тилга кирган Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъмирлаш ишлари бошланмасидан аввал ахборот бермаган ва жамоатчилик фикрини ўрганмаган.
Ижтимоий тармоқларда Космонавтлар майдонида Владимир Жонибеков ҳайкали жойлашган майдон қайта таъмирланаётгани эътирозларни келтириб чиқармоқда. Жамоатчилик Тошкентда муаммолар ва ободонлаштирилиши керак бўлган жойлар қолмагандек, ҳокимлик доим бюджет маблағларини марказий кўчаларни қайта ва қайта таъмирлашга сарфлаши танқид қилинмоқда.
Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Космонавтлар проспектида жойлашган Владимир Жонибеков бюсти (Коинот ёдгорлиги) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг 2019 йил 28 июндаги 411-сонли буйруғига асосан моддий-маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
LiveБарчаси