Пойтахт ҳокимлиги “Мовий гумбазлар” хиёбонида “Истиқлол” мажмуаси қурилиши бўйича изоҳ берди
Жамият
−
04 Февраль 2021
4051Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб барпо этиладиган “Истиқлол” мажмуаси бўйича эълон қилинган танлов қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Бунда асосий эътироз “Истиқлол” мажмуаси Тошкентнинг ўз тарихига эга бўлган “Мовий гумбазлар” хиёбонида қурилишига бўляпти. Негаки мажмуа қурилиши у ердаги кўп йиллик дарахтларнинг кесилиб кетишига олиб келиши мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
Унда қайд этилишича, майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолган ҳамда ҳозирги хиёбон фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда мамлакат тарихи, мустақиллик йилларидаги ютуқларни, миллий ўзига хосликни намоён этувчи мажмуани барпо этиш эълон қилинган танлов шартларида алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, бугундан эътиборан Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Истиқлол” мажмуаси барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилади ва муҳофазага олинади.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган мажмуа лойиҳасининг фотосурати қурилиш учун асос эмас. Танлов эълон қилинишининг сабаби ҳам кенг жамоатчилик учун лойиҳаларни очиқлик асосида муҳокама қилишга шароит яратиб беришдан иборат.
Танлов ҳайъати томонидан ижодкорларнинг лойиҳаларидаги биринчи навбатда майдондаги барча дарахтларни сақлаган, инсонлар учун обод муҳит ва қулай шароит яратишга қаратилган таклифлари қабул қилинади”, дейилган хабарда.
Бундан ташқари, "Истиқлол" мажмуаси қурилиши билан боғлиқ танлов шартларида "Мовий гумбазлар" ресторани бузилиши кўзда тутилмаганлиги сабабли, ушбу масала танловга тақдим этиладиган лойиҳаларда ўз аксини топиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Истиқлол” мажмуасини қуриш Ўзбекистн Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь