Поезд ҳалокати. Қурбонлар сони ортди, норозилик кучайди
Олам
−
04 Март 2023
7856Аввал хабар берганимиздек, Грециянинг Темпи шаҳрида юк ва йўловчи поездлари тўқнашиб кетган, оқибатда одамлар ҳалок бўлган эди. Ҳозирги маълумотларга кўра 57 кишининг ҳаётига зомин бўлган фожиа аҳоли орасида норозилик тўлқинини кучатирмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 март куни AMNA агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Греция парламенти ва Монастираки ҳудудида бўлган намойишлар ва анархистлар ҳаракати давомида полиция машинасига ўт қўйилган. Полиция маълумотларига кўра, намойишчилар марказий Синтагма майдонига ўтаётганда, бир неча киши оломон орасидан отилиб чиқиб, полицияга қарата ўқ узган, тош ва бошқа нарсаларни улоқтира бошлаган. Махсус хизмат вакиллари эса кўзни ёшлантирувчи газ билан жавоб қайтарган. Кейинроқ бир гуруҳ номаълум шахслар Монастиракида полиция машинасини синдириб, ёқиб юборган. Икки воқеада тан жароҳати олган беш нафар полициячи шифохонага олиб кетилган.
Шунингдек, норозилик ҳаракатларида Греция темир йўллари иттифоқи ҳам қатнашиб, 4-5 март кунлари бутун мамлакат бўйлаб иш ташлаш эълон қилган. Иттифоқнинг маълум қилишича, Hellenic Train компаниясининг ҳеч қандай йўналишларида, жумладан Афинадаги шаҳарлараро линияларида ҳам поездлар ҳаракатланмайди. 5 март куни эрталаб темирйўлчилар Афинанинг марказий Синтагма (Конституция) майдонида митинг ўтказишни режалаштирган.
Умумгреция темир йўллари ва темир йўл транспорти федерацияси ҳам баёнот бериб, барча ваколатли органлар, жумладан, инфратузилма ва транспорт бошқаруви вазирликлари, шунингдек, сиёсий партиялар билан тезликда учрашув ўтказишни талаб қилган.
“Йиғилишларда яна бир бор касаба уюшмаларининг темир йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фикрлари баён қилиниб, келгусида ҳар қандай нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик учун уларни амалга оширишнинг аниқ жадвали белгиланиши талаб этилади. Йиғилишлардан сўнг муҳокамалар натижаларини инобатга олган ҳолда федерация бошқарув кенгаши тегишли қарорлар қабул қилади. Агар натижалар ижобий деб топилмаса, норозилик ҳаракатлари кучайиши истисно қилинмайди. Шундан сўнг бутун Греция жамиятини, барча темирйўлчиларни федерация хавфсизлик мақсадида шунча йиллардан бери огоҳлантириб келаётгани, лекин ҳеч қачон жиддий эътиборга олинмагани ҳақида хабардор қилиш учун матбуот анжумани бўлиб ўтади”, дейилади баёнотда.
Фoжиавий катастрофадан сўнг темирйўлчилар касаба уюшмалари вакиллари Афина-Салоники темир йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муаммолар борлигини маълум қилган. Уларнинг айтишича, поездлар соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланадиган йўналишларнинг айрим участкаларида ёруғлик сигнализацияси ва ҳаракатни автоматик бошқариш тизимлари ишламаяпти, поездлар ҳаракати монитор экранларида акс этмайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 мартига ўтар кечаси Грециянинг Темпи шаҳри яқинида юк поезди билан тўқнашиб кетган йўловчи поезди бортида 350 га яқин одам бўлган. Греция ёнғин хавфсизлиги хизматининг сўнгги расмий маълумотларига кўра, ушбу темир йўл ҳалокати қурбонлари сони 57 кишига етган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти 20-30 ёшли йигит-қизлардир. Ўнлаб одамлар, жумладан, иккита поезд машинистлари бедарак йўқолган. 38 киши касалхонада даволанмоқда, улардан 7 нафари реанимация бўлимида. Қолганлар автобусда Салоникига эвакуация қилинган.
LiveБарчаси