Польшаликлар Олимпиададан кейин пулсиз қолди
Спорт
−
27 Февраль 2805 1 дақиқа
Италияда бўлиб ўтган XXV қишки Олимпия ўйинларида медаль қўлга киритган польшалик спортчилар ҳомийлар мусобақани тарк этгани сабаб мукофот пулларидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда RMF24 хабар берди.
Маълум қилинишича, Польша Олимпия қўмитаси (PKOl) ҳамда “Polsat Plus” медиа-холдинги ўртасидаги ҳомийлик шартномаси бекор қилинган. Қиймати 1,4 миллион долларга баҳоланган мазкур келишув тугатилгани сабаб олимпиячиларга мўлжалланган тўловлар амалга оширилмайди.
XXV қишки Олимпия ўйинлари жорий йилнинг 6-22 февраль кунлари Италияда бўлиб ўтди. Медаллар жамғариш бўйича Норвегия биринчи ўринни эгаллади, ундан кейинги поғоналардан АҚШ ва Нидерландия жой олди.
Олимпиаданинг ёпилиш маросими жорий йилнинг 22 февраль куни “Арена ди Верона”да бўлиб ўтди. Ёпилиш маросими давомида Олимпия эстафетаси 2030 йилги мусобақаларга мезбонлик қиладиган Франция Альп тоғларига топширилди.
Маълумот учун, Польша делегацияси 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларида жами 4 та медаль қўлга киритди. Уларнинг учтаси кумуш ва 1 таси бронза медаллар бўлиб, олтин медаль йўқ.
Live
Барчаси