Польшада қолаётган ўзбекистонликлар пул эвазига Тошкентга олиб келиняптими?
Жамият
−
28 Февраль 2022
8324Украинадаги уруш майдонидан Львовга етиб келган ва Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганлар Тошкентга самолёт учун чипта сотиб олсагина олиб келинмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу гапларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги муносабат билдирди.
“Айрим ижтимоий тармоқларда Украинадан эвакуация қилинаётган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга олиб келиш учун ташкил этилаётган махсус авиарейслар учун чипталар сотилаётганлиги тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда.
Фуқаролардан шу каби хабарларга ишонмасликларини, махсус авиарейслар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан бепул ташкил этилаётганлигини маълум қиламиз.
Ҳозирда Польшанинг Катовице шаҳридан "Uzbekistan Airways" АЖ томонидан бажарилаётган махсус авиақатновлар орқали Ўзбекистонга олиб келинаётган фуқаролардан авиачипта учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.
Украинадаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш ҳамда махсус авиарейслар орқали мамлакатимизга жўнатиш ишлари Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилмоқда”, дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Польшада қолаётган ўзбекистонликларни олиб келиш учун йўлга чиққан биринчи самолёт бугун, 28 февраль куни соат 23:00 атрофида Тошкентга қайтиши кутилмоқда.
LiveБарчаси