Польша ТИВ Украинага НАТО қўшинларини юбориш ғоясини маъқуллади
Олам
−
09 Март
6323Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски Франция Президенти Эммануэль Макроннинг НАТО қўшинларини Украинага юбориш эҳтимоли ҳақидаги баёнотини маъқуллади. Бу ҳақда кеча, 8 март куни Польша ТИВнинг Х'даги саҳифасида баёнот эълон қилинди.
“Украинада НАТО қўшинларининг мавжудлиги ақлга сиғмайдиган нарса эмас. Гап Путинни қўрқитиш ҳақида кетмоқда, Путиндан қўрқиш ҳақида эмас”, дейилади баёнотда.
Польша ТИВ раҳбарининг позицияси мамлакат Бош вазири Дональд Тускникидан фарқ қилади. У бир неча кун олдин Варшава ўз қўшинларини Украинага юбориш имкониятини кўриб чиқмаётганини айтганди.
Маълумот учун, Франция раҳбарининг жарангдор сўзлари 26 февраль куни Украинани қўллаб-қувватлаш анжуманида янграган.
"Бугунги кунда қуруқликдаги қўшинларни расман юбориш масаласида консенсус йўқ, аммо динамик ривожланишда ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди", деган Макрон.
Франция Президентининг нутқидан сўнг, Украинага қўшин юбориш ғояси кўплаб Ғарб давлатлари, жумладан Германия, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Испания, Италия ва Чехия томонидан рад этилди. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянснинг Украинага қўшин юбориш режаси йўқлигини таъкидлади.
Германия Мудофаа вазири Борис Писториус бу борадаги баҳс-мунозараларни тўхтатишга чақирган бўлса, унинг финляндиялик мавқедоши Антти Хяккянен Киевни қурол-яроғ, ўқ-дори ва пул билан таъминлашга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Литва ва Латвия Франция Президенти позициясини қўллаб-қувватлашини билдирди.
LiveБарчаси