Польша Россияни сайловларга аралашишда айблади

Олам

image

Польша Россияни биринчи босқичи 18 майга белгиланган президентлик сайловларига аралашишда айблади. Бу ҳақда бугун, 6 май куни Варшавадаги мудофаа конференциясида Рақамлаштириш вазири Кшиштоф Гавковски сўз очди.

“Польшадаги жорий президентлик кампанияси давомида биз Россиянинг сайлов жараёнига аралашиш бўйича мисли кўрилмаган уринишига дуч келдик”, деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, аралашув “давлатнинг нормал фаолиятини фалаж қилиш мақсадида Польшанинг муҳим инфратузилмасига гибрид ҳужумлар билан биргаликда дезинформациянинг тарқалиши” орқали содир бўлади.

Гавковскийнинг сўзларига кўра, Украинага ёрдам етказиб берувчи логистик марказга айланган Польша Россиянинг қўпорувчилик, киберҳужумлари ва дезинформацияларининг асосий нишонига айланган.

“Варшава ҳукумати, айниқса, Россиянинг аралашуви туфайли декабрь ойида Руминия президентлик сайловларини бекор қилганидан кейин, юқори тайёргарлик ҳолатида”, дея қўшимча қилди у.

Кшиштоф Гавковскийнинг таъкидлашича, киберҳужумлар сув таъминоти ва канализация компаниялари, иссиқлик электр станциялари ва давлат идораларига қаратилган. Россиянинг Польшадаги киберҳужумлари сони ўтган йилга нисбатан икки баравар кўпайган.

“Польшадаги нутқимнинг ҳар бир дақиқасида муҳим инфратузилмани нишонга олган ўнга яқин ҳодисалар қайд этилди”, дея таъкидлади вазир.

Россия бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашганлик айбловларини бир неча бор рад этиб келади. Россиянинг Варшавадаги элчихонаси изоҳ бериш сўровига жавоб бермаган.

Март ойида Польша ҳукумати Польша Коинот агентлиги киберҳужумга учраганини айтди. 2024 йилда Россия киберҳужуми давлат ахборот агентлигига қаратилгани ҳақида хабар берилган эди. Варшава ва унинг иттифоқчилари ҳам Европа бўйлаб ўт қўйиш ва саботаж қилиш ортида Россия турганини даъво қилмоқда. Россия бу айбловларни рад этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг