Покистон “юлдузи” ўлдирилгани ҳақида миш-мишлар урчимоқда. Унинг ўлими кимга керак?

Таҳлил

image

Дунёда шундай давлат раҳбарлари борки, улар ортидан ҳар қанча тош отилмасин, халқ улардан воз кечмайди, ишонишда давом этаверади. Негадир уларнинг жиноятлари кўзга кўринмайди ёки доимо кечириб юборилади. Бундай етакчилар панжаралар ортидан туриб ҳам халқни бирлаштириши мумкин, улар учун халқ ўз жонларини хатарга қўйишга тайёр бўлади. Ҳа, бундай раҳнамолар кам, лекин йўқ эмас.

Шундай хусусиятларга эга инсонлардан бири – Покистоннинг собиқ бош вазири, хайриячи ва крикетчи Имрон Хондир. У фаолиятини спортчиликдан бошлади ва ядро қуролига эга давлатнинг вазири сифатида якунлади. Покистон халқи учун миллий қаҳрамон даражасидаги бу инсон ҳозирда қамоқда, ўз жазо муддатини ўтамоқда. Сўнгги кунларда унинг ўлими ҳақида тарқалган хабарлар эса маҳаллий халқнинг чинакамига оёққа туришига сабаб бўлди. Гарчи расмийлар Имрон Хон тириклиги ҳақида ҳарқанча баёнот бермасин, оммавий норозилик ҳаракатлари ҳануз давом этяпти.

Хўш, Имрон Хон ким ва у нега қамалган эди? Унинг ўлими ҳақида сохта хабарларни тарқатиш кимга керак бўлиб қолди?

Имрон Хон аслида ким?

Тўлиқ исми Имрон Аҳмед Хон Ниёзий 1952 йил 5 октябрь куни Покистоннинг Лаҳур шаҳрида туғилган. Унинг оиласи нисбатан обрўли ва мамлакатдаги ўзига тўқ кам сонли оилалардан эди. Мусулмон динига эътиқод қилувчи паштун Ниёзий уруғидан бўлган Хон мактаб таълимини Покистонда бошлаган, сўнгра Англияда Royal Grammar School ва Worcester хусусий мактабида давом эттирган. Олий таълимни эса 1972-1975 йилларда Keble College сўнгра Oxford университетида фалсафа, сиёсат and иқтисодиёт йўналиши бўйича таҳсил олган.

Умумий таълимда ёмон бўлмаса-да, уни кўпроқ фанлар эмас, спорт қизиқтирарди. Айниқса, оиладаги крикетга бўлган қизиқиш ва амакиваччалари Жавад Бурки ҳамда Мажид Хоннинг муваффақиятли крикетчи бўлиши ҳам унинг келгусидаги хоҳиш-истакларига таъсир қилмай қолмади.

Крикетдаги карьерасини маҳаллий гуруҳларда бошлаган Имрон Хон профессионал спортдаги дастлабки расмий фаолиятини 1971 йил Бирмингем шаҳридаги Эдгбастон майдонида Англияга қарши ўйин билан бошлайди. Аввалига у спорт ва таълимни параллель давом эттиришга уринади, аммо кўп ўтмай бирини танлаши керак бўлганда ўйлаб ўтирмай у крикетни танлади ва 1976 йилдан бошлаб тўлиқ фаолият юрита бошлади. Кўп ўтмай Покистон терма жамоасининг капитани бўлишга эришган Хон 1992 йилда ўзи бошчилигида Покистон терма жамоаси билан Покистон тарихидаги биринчи ва ҳозирча ягона “1992 Cricket World Cup ” турнирида ғалаба қозонди. Финалдаги Англия устидан эришилган тарихий ғалаба эса иккинчи бор мустамлакачи инглизлар устидан қозонилган ғалаба сифатида талқин этилди. Шу тариқа Имрон Хон нафақат крикет чемпион балки халқнинг миллий қаҳрамонига ҳам айланди.

Спортдан кейин у дастлаб хайрия ишлари билан шуғиллана бошлади. Унинг ташаббуси билан 1994 йилда “Shaukat Khanum Memorial Cancer Hospital & Research Centre” номидаги Покистонда биринчи йирик онкологик касалхона очилди. У ерда саратонга чалинган инсонлар мутлақо бепулга даволанар, бу эса Имрон Хоннинг халқ орасидаги обрўсини ошириб юборганди. Халқнинг кўз ўнгида у бошқа маҳаллий бойларга ўхшамайдиган, сахий ва халқ дарди билан яшовчи сифатида намоён бўлиб борди.

Кейинги қадам сиёсатга бўлиши кераклигини тушуниб етган Имрон Хон 1996 йилда ўзининг сиёсий партияси – “Pakistan Tehreek-e-Insaf”га (ПТИ) асос солди. У сиёсий майдонга ўтгач, кўплаб ваъдалар, ўзгаришлар ва ислоҳотлар ваъда қилар ва ўша даврда амалдаги тизимнинг адолатсизлигидан чарчаган халқ ҳам унга ишонар эди. 1997 ва 2002 йилларда ҳали танилмаган партия жуда паст кўрсаткичлар билан қолиб кетган бўлса-да, ҳаракатдан тўхтамаган Хон 2018 йилги сайловларда ўз партияси билан биргаликда ғалаба қозонди ва бош вазир лавозимига келди.

У 2018-2022 йиллардаги вазирлик ваколати давомида давлат харажатларини камайтириш ва ҳукуматдаги ҳашаматни чеклаш мақсадида тежамкорлик компаниясини бошлади, бутун мамлакат бўйлаб камбағал аҳолига бепул тиббий суғурта карталарини тарқатиш дастурини жорий қилди, "Ehsaas Programme” номли ижтимоий ҳимоя ва қашшоқликка қарши кураш дастурини жорий қилди. Гарчи унинг бошқарув сиёсати камчиликлардан холи бўлмаса-да, у оддий халқнинг турмуш тарзини яхшилашга ҳаракат қилди.

“Йўлбарснинг қамалиши”

Имрон Хон ҳарқанча халқпарвар бўлмасин, яхши сиёсатчи бўлиш учун бунинг ўзи етарли эмас эди. Унинг даврида Покистон иқтисодиёти чуқур инқирозга юз тутди. Озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кескин кўтарилиши, юқори инфляция халқнинг турмуш даражасини сезиларли даражада ёмонлаштирди. Унинг даврида Покистоннинг ташқи қарзи ҳам кескин ошди, ҳукумат Халқаро валюта жамғармаси билан оғир шартлар эвазига кредитлар олишга мажбур бўлди, бу эса келгусида ҳукуматнинг иқтисодий мустақиллигини чеклади.

Мамлакатда унинг сиёсатига қарши гуруҳ шаклланиб борар эди. Дастлаб тарқоқ бўлган барча асосий мухолифат партиялари, Покистон Мусулмонлар Лигаси ва Покистон Халқ партияси "Покистон Демократик Ҳаракати" иттифоқига бирлашди. Улар Имрон Хонни сайловларда ноқонуний йўл билан ҳарбий ёрдам орқали ғалаба қозонишда айблади, аммо бу пайтга келиб Имрон Хоннинг ҳарбийлар билан ҳам алоқалари анча ёмонлашиб қолган эди. Қаторасига келган бундай омадсизликлар 2022 йилнинг 10 апрелида парламентнинг унга ишончсизлик вотумини берилиши билан якун топди. Унинг ўрнини Шаҳбоз Шариф бошчилигидаги янги ҳукумат эгаллади.

Ҳокимиятдан кетган, барча қўлловларни йўқотган бўлса-да, Имрон Хон курашдан тўхтамади, барчасини қайта бошлади. Тез орада у янги мухолифат гуруҳининг лидерига айланди. Хон амалдаги маъмуриятни танқид қилар ва оддий халқ унга эргашар эди.  Унинг таҳдид қобилияти сақланиб қолганини тушуниб етган элита энди уни озодлигини ҳам чеклаш пайига тушди.

Унга нисбатан очилган дастлабки жиноят иши 2023 йил 9 майда коррупция билан боғлиқ, хусусан, “Al-Qadir Trust” хайрия ташкилоти орқали пул ювишда айбланди. Суд ишлари узоқ давом этди ва жорий йилнинг январь ойидагини унга ҳукм ўқилди. Унга кўра, Имрон Хон 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бошқа бир катта айблов – “Тошахона иши” бўлиб, у омбордан қимматбаҳо совғаларни ноқонуний сотиб олишда айбдор деб топилган. 2023 йил августида суд уни 3 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди ва сиёсатдан 5 йилга четлатди. Хон, шунингдек, 2023-2025 йилларда 100 дан ортиқ айбловга тортилди: порахўрлик, давлат сирларини ошкор этиш, гуманитар низолар, ҳатто террорчилик ва оммавий тартибсизликларга чақириш айбловлари бор.

Унинг тарафдорлари ва айрим халқаро ташкилотлар бу судлар ва айбловларни “сиёсий мотивли”, яъни ҳозирги ҳокимият уни сиёсатдан четлатиш, тарафдорлари ҳаракатини бостириш мақсадида уюштирмоқда, деб баҳолайди. Негаки ҳануз Покистон халқи унга қулоқ тутади, у ҳибсдалигида ҳам маъмуриятни жиддий танқид қилиб унга қарши курашда тўхтагани йўқ. Ҳатто қамоқда ҳам мухолифат кайфиятини сақлаб бўйин эгмай келаётгани учун халқ уни “Зиндон йўлбарси”, деган тахаллус билан улуғлай бошлаган.

Сохта ўлим хабарлари

Жорий йилнинг ноябрь ойи охирида, “Имрон Хон Адиала қамоқхонасида оламдан кўз юмди” мазмунидаги хабарлар ижтимоий тармоқларга сиздирила бошланди. Қисқа вақт ичида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ушбу хабарлар ортидан Покистон аҳолиси оммавий норозилик ҳаракатларини бошлаб юборди. Кўчалар собиқ бош вазирнинг портретини кўтарган инсонларга тўлди, Имрон Хоннинг фарзандлари отаси билан кўришиш талаби билан халқни бош кўтаришга ундади. Сўнгра расмийлар Имрон Хон тириклиги ҳақида расман эълон қилди, аммо аланга ёниб бўлган эди. Халқ энди ўз қаҳрамонини озод қилишни талаб қилмоқда.

Шу ўринда савол пайдо бўлиши табиий, бундай сохта ўлим хабарларини тарқатиш кимга керак бўлиб қолди? Бир қарашда аниқ нимадир дейиш мушкул, ҳар ҳолда Имрон Хон ҳануз таъсирга эга бўлса-да, қамоқда амалдаги ҳокимиятга жиддий қаршилик кўрсатиш эҳтимоли ниҳоятда кам, буни устига халқ ҳам аста-секин уни унутиб, кундалик ташвишларига қайтаётган эди. Эҳтимол айнан шунинг учун ҳам бундай хабарлар тарқатилгандир, яъни халқ уни унутиб қўймаслиги, озод қилишни талаб қилиш учун. Айнан шу мақсадда “қаҳрамонинг ўлдирилди” мазмунидаги сохта янгиликлар ёйилаётгандир. Бу кимга керак бўлиши мумкин? Албатта, Имрон Хоннинг тарафдорларига.

Аммо буларнинг бари гипотеза, тахминий ғоялар холос. Шунга қарамай, бир нарса аниқки, халқ оғир кунида ғамхўрлик қилганларни унутмайди, улар ўз қаҳрамонларини доимо ҳимоя қилишга тайёр.


Мақола муаллифи

Теглар

Имрон Хон Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг