Погонини юлиб отган ва буни ожизага ағдарган ИИБ ходими ишдан ҳайдалмади
Жамият
−
08 Декабрь 2022
10710Самарқандда погонини ўзи юлиб, аёл кишини қасддан айблашга уринган ИИБ ходимига нисбатан хизмат текшируви якунланди.
Текширув натижаларига кўра, Бош прокуратура ИИБ ходимининг хатти-ҳаракатларида ҳеч қандай жиноят аломати йўқ, деган хулосага келган.
“Тергов ҳаракатлари давомида туман ИИБ ходимларининг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган”, дейилади Бош прокуратуранинг QALAMPIR.UZ’га тақдим этган маълумотида.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги маънавий-маърифий ишлар, кадрлар билан билан ишлаш департаменти бош инспектори Наврўз Набиев воқеа тафсилотлари билан бўлишар экан, воқеа Самарқанд вилояти Қўшработ тумани прокуратураси биносида 2021 йил 15 июль куни содир бўлганини қўшимча қилди.
“Жиноят иши доирасида айбланувчи Шосимов мажбурий тартибда туман прокуратураси биносига олиб келинган. Ўша куни айбланувчининг синглиси ва қизи прокуратурага келиб, прокуратура ходимларини ҳақорат қилган. Шу сабабли воқеа жойига Қўшработ тумани ИИБ ходимлари чақиртирилган. Профилактика инспектори, катта лейтенант Ражабов, лейтенант Бобоқулов ҳамда лейтенант Шарипов прокуратурага етиб келганида эса аёллар ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни ҳақорат қилган, Ражабовга тегишли бўлган автомобилнинг ойналарини синдириб, эшикларини пачақлаган”, дейди инспектор Наврўз Набиев.
Бош прокуратура маълумотларга кўра, иш юзасидан Ж.Шосимовага нисбатан ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, “тилхат” эҳтиёт чораси танланиб, жиноят иши ЖПКнинг 388-моддаси тартибида МИБ Иштихон судига юборилган.
“ЖИБ Иштихон туман судининг 04.03.2022 йилги ҳукми билан Ж.Шосимова 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) ва 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган”, дейилади прокуратура хабарида.
Бундан ташқари, ИИВ Департаменти бош инспектори Наврўз Набиев погонини ўз қўли билан юлиб ташлаган ва буни аёл кишининг бўйнига қўймоқчи бўлган, бу ишнинг уддасидан чиқа олган катта лейтенант Ражабов ҳозирги кунда ўз хизмат фаолиятини давом эттираётганини қўшимча қилди.
LiveБарчаси