Пентагон IT компанияларига 9 миллиард доллар ажратди
Олам
−
09 Декабрь 2022
2747Пентагон Google, Oracle, Microsoft ва Amazon компанияларига булутли маълумотлар тизими бўйича шартномалар учун 9 миллиард доллар ажратаётганини эълон қилди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Қайд этилишича, тўртта технологик гигантга АҚШ армияси учун булутли ҳисоблаш тармоқларини яратиш вазифаси юкланган. Шартномалар бутун дунё бўйлаб АҚШ ҳарбийлари учун булутли ҳисоблашни соддалаштирадиган Joint Warfighting Cloud Capability тизимини яратишни кўзда тутади. Бу тизим Мудофаа вазирлигига барча уч турдаги: тасдиқланмаган, махфий ва ўта махфий маълумотлар билан самарали ишлаш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, шартномаларни тўртта компания ўртасида тақсимлаш Пентагонга булутли ҳисоблашнинг барча эҳтиёжлари учун битта компанияга ишониб қолмасликка ёрдам беради. Бу эса ҳар қандай потенциал тармоқ узилишлари хавфини камайтиради.
“Ушбу шартноманинг мақсади Мудофаа вазирлигини барча хавфсизлик доменлари ва таснифлаш даражалари бўйича бутун корпоратив, глобал миқёсда мавжуд булутли хизматлар билан таъминлашдан иборат”, дейилади Пентагон баёнотида.
Маълумот учун, 2019 йилда Пентагон Microsoft билан шу турдаги 10 миллиард долларлик шартнома имзолаган эди. Аммо бу Пентагоннинг Аmazon ва Oracle билан юридик муаммоларига сабаб бўлганди. Шундан сўнг Пентагон шартномани бекор қилишга мажбур бўлган. Ҳозирги шартномаси эса 2028 йилнинг июнигача давом этиши кутилмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси