Пентагон Илон Маскнинг компаниясига Украинага интернет етказиб бериши учун 23 миллион доллар тўлади
Олам
−
10 Апрель
5513АҚШ Мудофаа вазирлиги Киевга Starlink сунъий йўлдош алоқа терминалларини етказиб бериш учун Илон Маскга тегишли SpaceX компаниясига 23 миллион доллар тўлаган. Бу ҳақда америкалик расмийга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Аввал хабар қилинмаган суммага тузилган шартнома 2023 йилнинг июнидан 2024 йилнинг майигача амал қилади. Агентлик суҳбатдоши уни узайтириш режалаштирилаётганига аниқлик киритмади.
“Bloomberg”нинг ёзишича, 23 миллион доллар миқдори SpaceX’нинг АҚШ миллий хавфсизлиги билан боғлиқ бошқа лойиҳалардан оладиган даромадига нисбатан анча кам.
2023 йил декабрь ойида Украина Рақамли трансформациялар вазири Михаил Федоров мамлакатда Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимининг 47 мингга яқин терминаллари ишлаётганини маълум қилди. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов эса мамлакат Қуролли кучлари бутун фронт чизиғи бўйлаб Starlink тизимларидан фойдаланаётганини айтган. Starlink тақдим этган алоқа воситаларидан Украина ҳарбийлари учувчисиз самолётларни бошқаришда фойдаланади.
SpaceX эгаси Илон Маск бир неча бор Украинадаги можарони дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдори бўлган, бунинг учун Киевда танқид қилинган. Хусусан, 2023 йилда Америка оммавий ахборот воситаларида тадбиркор 2022 йилда Қрим орқали Украинанинг Starlink тармоғига киришини тўхтатгани ҳақидаги маълумот эълон қилинганидан кейин жанжал авж олди. Кейинчалик, “El Pais” газетаси таҳлилчилари Украина ҳукумати Starlink’га муқобилларни қидираётгани ҳақида фикр билдирди, аммо улар бу тизимдан воз кечолмаслигини тан олди. Таҳлилчилар Starlink тизими Украина Қуролли кучлари учун зарур, агар алоқа хизмати ишламай қолса, Украина мудофааси қулаши мумкин, деган хулосага келди.
LiveБарчаси