Пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилади
Жамият
−
02 Декабрь 2020
24230“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштирилади. Тегишли ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Молия вазирлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасида пенсионер вафот этган ойдаги пенсиясини қариндошларига тўлиқ ҳажмда бериш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ вафот этган пенсионернинг қариндошларига у вафот этган санагача бўлган кунлар учун пенсия тўланади.
Шунингдек лойиҳада “ногирон” тушунчасини “ногиронлиги бўлган шахс” тушунчасига ўзгартириш таклиф этилмоқда.
Ўзгартиришлар киритилиши муносабати билан бюджетдан ташқари давлат Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда йилига 4,4 млрд сўм тўланиши кутилмоқда.
Лойиҳа қабул қилиниши билан Вазирлар Маҳкамасининг 7.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки бекор қилиниши мумкин.