Пайшанбадан пайшанбагача! ИИВ Президент топшириғини унутди

Таҳлил

image

“Ислоҳотлар албатта эскича яшаш, эскича ишлашга ўрганиб қолган айрим мансабдорларга ёқмайди. Буниям очиқ айтишимиз керак. Чунки ўзгариш, янгиланиш уларнинг тинчи ва оромини, ҳузур-ҳаловатини бузади. Лекин ҳаёт давом этар экан, ҳаёт талаби бўлган ислоҳотлар ҳам изчил давом этиши муқаррар. Бу ҳақиқатни ва талабни барча даражадаги раҳбарлар чуқур англаб олишлари зарур”,
 

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бундан буёғига эскича ишлаб бўлмайди

Адоқсиз ҳисоботлар, узундан-узун баённомалар, очилиши жуда мушкулдек туюлган жиноятлар. Бу яқин-яқингача Ўзбекистон Ички ишлар вазирилиги тизимида ишлаётган ҳар бир ходимнинг дуч келиш лозим бўлган ҳолат эди. Ажабланарлиси ўз хизмат хонасидан туриб, маҳаллада содир бўлган кичик бир ўғирликнинг ечимини излаб, ойларни, йилларни ўтказган инспекторлар узоқ тарихимизда эмас, бундан атига 2-3 йил олдин ҳам бор эди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларни яшириш, уларни терговга қадар чўзмаслик, ими-жимида босди-босди қилиш сизу биз ҳалигача милиция деб атайдиганларнинг асосий вазифасига айланган эди. Уларнинг совет замонидан мерос қолган ўзгармас фикрлаш доираси тизимга қимматга тушаётган эди. 

Эсингизда бўлса, 2016 йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси ўтказилди. Кўп ўтмай Давлат раҳбари 2017 йилнинг 9 февралида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказган эди.

Кескин танқидий руҳда кечган видеоселекторда Президент тизимдаги камчиликлар ҳақида тўхталар экан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидан умуман қониқмаётганини билдириб, ички ишлар органлари замон талабларига нечоғли жавоб бера олаётганига эътибор қаратди. Инсон манфаатлари билан боғлиқ масалаларни кечиктирмасдан ҳал қилиш ишни эски “қолип”лар асосида ташкил қилиш, ўз бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб эмас, балки шахсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда бажариш каби амалиётлар давом этаётганини куюнчаклик билан гапирди. 

Пайшанба профилактика куни

Шу куни Давлат раҳбарининг таклифига биноан Ўзбекистонда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни деб эълон қилинди. Яъни ҳар пайшанба куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беришини йўлга қўйиш ҳақида топшириқ берганди.

Йиғилиш ўтди. Энди Президент топшириқларини бажариш, асосийси мамлакатда жиноятчиликни кескин камайтириш, халқ билан ишлашда янгича ёндашувларни қўллаш вақти соати келганди. Ахир йиллар давомида халқдан узоқлашган, қачонки маҳаллада катта йиғин бўлса, кўриниш берадиган инспекторларнинг дунё қарашини ўзгартириш, жиноий ишларнинг сонини яширишга барҳам бериш вақти келганди... 

Хўш, вазифалар уддаландими? Президент топшириқларининг ижроси бўйича ички ишлар органларида нималар қилинди? Ўзбекистонда жиноятлар сони камайишига эришилдими? Саволлар бисёр. Биз эса уларга жавоб топишга ҳаракат қилдик. 

Дарҳақиқат, Мирзиёев ўтказган селектордан сўнг ички ишлар органларида ўзгаришлар бошланди. Хусусан илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, уларнинг 65 фоизи аҳолига яқин ишлаш учун маҳаллаларга йўналтирилди. Яна бир амалиёт жорий этилдики, буниси йиллар давомида жиноятлар сонини оммадан яшириш ўрнига жамоатчиликка етказиш бўлди.

Бир сўз билан айтганда, ҳафта давомида олиб борилган профилактик ишларнинг ҳисоботи билан аҳолини таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ишлашга эътибор қаратилди. Ҳар бир ўтказилган рейдлар, ўғирлигу талончлик, қўйингчи, ваколатидаги амалиётлар борасида оммавий ахборот воситаларига маълумот беришни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлаб берди. Пойтахт ИИББ телеграм ижтимоий тармоғида расмий каналини ишга туширди. Албатта пойтахтнинг осойишталигини таъминлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказиладиган брифингларда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев (ҳозирда Ички ишлар вазири ўринбосари) ҳамда Азизхон Умархонов, Тошкент шаҳар прокуратураси катта прокурори Эркин Йўлдошевлар (ҳозирда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари) ҳафта давомида олиб борилган профилактик тадбирлар тўғрисида баёнот берарди. 

Брифингларда иштирок этган аксар журналистлар ички ишлар тизимининг ислоҳотлар йўлидан жадал бораётганини эътироф эта бошлади. Катта шов-шувларга сабаб бўлган Боровский коллежининг ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар, 4 яшар қизчасини калтаклаган ота, 8 яшар қизни зўрламоқчи бўлган тошкентлик педофил ҳақидаги маълумотлар халқдан яширилмади, муҳокама қилинди. 

Қолаверса, Андижон, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ички ишлар бошқармалари ҳам пойтахтдаги ҳамкасбларидан ўрнак олди. Брифингларда ички ишлар тизимидаги қўриқлаш, ёнғинга қарши курашиш, фуқаролик ва миграцияни расмийлаштириш, йўл патруль, патруль пост хизматлари, қўйингчи, ҳамма шай турарди. 

Яхши шароитда яхши ишлаш керак

Давлат раҳбари жараёнларни кузатиб борар экан, тизимда фаолият кўрсатаётганлар учун шароит яратиб беришни ҳам унутиб қўймади. Жумладан 2017 йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, кўп ўтмай Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари ходимларининг турар жой шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида бир қатор имтиёзларни тақдим этди. 

Биринчидан, тизимдаги барча ходимлар учун – турли тоифадаги турар жойларга 25 фоиз миқдоридаги дастлабки бадал билан камида 10 йил муддатга, қайта молиялаштириш ставкаси миқдорининг 2 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда ёки шартномавий ставкада кредит линиялари маблағларидан ажратиш кўзда тутилди.

Иккинчидан, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурлари доирасида барпо этиладиган квартираларга, ИИВ томонидан бошланғич бадалнинг 25 фоизини ходимга фоизсиз қарз сифатида ўтказиш билан қайта молиялаштириш ставкаси миқдорининг 2 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда, шунингдек давлат томонидан кредит бўйича ½ни тўлаш билан камида 10 йилга берилиши белгиланди.

Учинчидан, ички ишлар органлари патруль пост ва йўл патруль хизматларининг жамоат тартибини муҳофаза қилишда ўрнак кўрсатган ходимларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредит бериш тартиби жорий этилди. Кредитлар 10 йилгача муддатга, сотиб олинадиган автотранспорт воситаси қийматининг 15 фоизи миқдорини дастлабки бадал сифатида тўлаган ҳолда, фоиз ставкаси кредит бериш санасида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси миқдорида (14 фоиз) ҳисобланган ҳолда бериладиган бўлди.

Бу имтиёзлардан ташқари Президент мамлакатда жиноятчиликларни олдини олиш мақсадида ҳар бир ҳудудда фаолият кўрсатаётган ходимлар учун хизмат уйларини қуриш буйича топшириқ берди. 

Ғалвирни сувдан кўтарадиган палла

Президент 2018 йилнинг 27 июлида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бир қарашда ички ишлар тизимида амалга оширилган ўзгаришлардан сўнг Давлат раҳбарининг муносабати қандай эканини ўша кунги йиғилишда қатнашганларнинг англаб етиши қийин кечмади. Президент ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишга мойил шахслар ҳисобини юритиш масаласига тўхталиб ўтди. Шунингдек. навбатчилик қисмларининг эскича услубда иш юритаётгани жиноят ҳақидаги хабарларнинг баъзан эътиборсиз қолишига ёки ҳисобдан яширилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Ўғрилик, фирибгарлик ва босқинчилик билан боғлиқ жиноятларни таҳлил қилар экан, профилактика, жиноят-қидирув ва қўриқлаш хизматлари фаолиятининг мутлақо қониқарсиз ташкил этилганини танқид қилди.

Давлат раҳбарининг танқидидан шуни англаш мумкинки, тизимда ҳалиям эскича фикрлайдиган, узундан-узун ҳисоботлар орқали иш юритиб, мажлисбозликлар уюштирадиганлар, раҳбарларга яхши кўриниш учун жиноятлар сонини яшириб кўрсатадиганлар бор экан.

Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар ходимларининг муомала маданияти, улар ўртасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турганини муҳокама қилиб, шахсий таркибни тарбиялаш ва кадрларни ротация қилиш, ички ишлар органларининг таҳлилий-ҳуқуқий ва прогнозлаш фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидлади. 

Нафсиламбирини айтганда, Давлат раҳбари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида Фармону қарорлар чиқариб турган бир шароитда уларнинг ижросига масъул бўлган вазирлик ҳар қандай шароитда ҳам жиноятчиликнинг олдини олиши, тиш-тирноғи билан курашиши лозим.

2018 йилнинг 9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган “Аурум 898” тунги клубида эркин кураш бўйича профессионал спортчи Жамшид Кенжаев ва клуб қўриқчилари ўртасида келиб чиққан пичоқбозликнинг якуни спортчининг ўлимига олиб келди. Шунга ўхшаш ҳолат яна бир спортчи Мурод Хонтўраев билан такрорланди. Яхшики, спортчи тирик қолди. Пичоқбозлик жиноятнинг янги тури эмас, пичоқ ёрдамида жиноятга қўл уриш жуда қадимдан бери бор. Аммо, пичоқ билан жиноят содир этиш ҳолатлари кейинги йилларда анча кўпайди. Бундан ташқари болта билан ҳужум қилди, ўзганинг машинасини олиб қочди каби мавзулар ижтимоий тармоқлар, ахборот сайтларида урчияпти. Балки, илгари ҳам бўлгандир, бу каби жиноятлар фақат ўша вақтда яширилгандир? Бироқ Давлат раҳбари жиноятларни қоғозда эмас, амалда сонини камайтириш ҳақида бир неча бор куйиниб гапирганди. Шунча рағбат, эътибор берилаётган бир пайтда бундай оғир жиноятларнинг кўпайишига аслида ким сабабчи? Профилактика инспекторларига ўзи ишлаётган ҳудуддан яшаш учун уйлар ажратиляпти, қуриляпти шунга яраша натижа ҳам бўлиши керак-ку.

ОАВга эътиборсизлик ёҳуд Сайфутдиновага ҳос совуққонлик

Журналистларни жуда синчков бўлади дейишади. Бу гапда жон бор негаки, айнан мана шу синчковлик туфайли бу касб ҳаёт. Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ОАВ билан ишлаш принципи бутунлай ўзгарди. Ҳатто, пойтахт шаҳар ИИББда ҳам брифинглар ўтказиш анъанаси унутилди. Матбуот анжуманлари орқали кўпчиликнинг оғзига тушган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ҳозир Ички ишлар вазирига ўринбосар бўлиб ишлаяпти. Балки, шунинг учун пойтахт ИИББ брифинглар ўтказиб, журналистларни ўзига чорламаяптимикан ёки Тошкент шаҳрида жиноятлар сони кескин камайишига эришилдими? Ундай бўлса, нур устига аъло нур бўларди. Акси бўлса-чи?

Шу йилнинг 20 июлида пойтахтнинг Қўйлиқ деҳқон бозори ҳудудидаги автотураргоҳда ҳам айнан пичоқбозлик оқибатида ёшгина йигитнинг ҳаётига нуқта қўйилди. Бироқ бу ҳақда расмий маълумот берилмади. Қотил-ку, қамоқдан қайтар, лекин, қурбон қайтмайди. Мазкур жиноят иши билан боғлиқ тафсилотларни ўрганишга ҳаракат қилган QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот мультимедиа маркази раҳбари Ирина Сайфутдиновага мурожаат қилди. Орадан уч ҳафтага яқин вақт ўтди, бироқ Сайфутдиновадан бу борада жавоб ололмадик. Очиқлик ва шаффофлик таъминланаётган бугунги замонда пойтахт ИИББнинг ваколатли вакилининг муносабати жуда таажубли. 

Қорақалпоғистондаги “Жаслиқ” қамоқҳонаси шу йилнинг 2 август кунидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ тугатилди. Яқинда шу муносабат Ўзбекистон Ахборот ва омммавий комммуникациялар агентлигида брифинг ўтказилди. Унда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова ҳам бошқа ҳамкасблари қатори саволларига тўлиқ жавоб ололмади. Мухбиримизнинг “1999 йилда Тошкентда террорчилик ҳаракатларини содир этган шахслардан “Жаслиқ”да ҳозир ҳам жазони ўтаётганлар борми?” деган саволи очиқ қолди. Ўша куни нафақат QALAMPIR.UZ мухбири шу билан бирга бошқа ОАВ ходимлари ҳам вазирлик ўтказган брифингдан кўнгли тўлмаганини айтди. 

Битта жиноятни ёки ёпилаётган қамоқхонанинг “сирлари”ни яшириш, берилган саволлардан бурилиб ўтиш, соат милларидек аниқ ишлаши шарт бўлган ички ишлар тизимига ярашармикан? 

Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга катта ваколатлар билан бирга имтиёзлар ҳам берди. Бу имтиёзлар афсуски, ҳаммагаям берилаётгани йўқ. Янгича фикрлаш ва ошкоралик замонига келганига оз эмас, кўп эмас уч йил бўляпти. Биз бўлса, кабинетда ўтириб, ўғирланган велосипед ҳақида соатлаб ўйламасдан, енг шимариб, олдинда турган муаммоларни ҳал этишни, валюта ҳисобига кириб келаётган қоғозларни тежаш, ОАВ билан яқин муносабатда бўлишга ўрганмас эканмиз, жиноятчиликлар сони камайиши эмас кўпайиши кузатилаверади. Етар, бугун ҳар қандай баҳонаю замонни айблаш ортиқча. Зеро, виждонан бажарилган ҳар бир иш юрт равнақи йўлидаги бир қадамдир. 

Дарвоқе, бугун пайшанба! Аммо буни на вазирлик, ва на бошқармалар хотирлади, хотирлатди. QALAMPIR эса унутмайди, унуттирмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг