Павел Дуровнинг бойлиги кескин камайди

Олам

image

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровнинг бойлиги кескин камайди. Хусусан, унинг капитали 2025 йилда 17,1 млрд АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ҳозирда 6,6 млрд АҚШ долларига тушиб кетган. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.

Мутахассислар бунга асосан, технология бозоридаги вазият ёмонлашгани сабаб бўлганини қайд этган. Telegram қийматини баҳолашда инвесторлар компаниянинг даромадлари ва бошқа мессенжерлар билан таққослаш натижаларига эътибор қаратмоқда.

Масалан, Telegram’нинг асосий рақобатчиларидан бири Snapchat’нинг ойлик фойдаланувчилари сони 2025 йил охирига келиб 946 млн бўлган. Telegram фойдаланувчилари эса 1 миллиарддан кўп. Бироқ, Snapchat’нинг 2025 йилдаги даромади 5,9 млрд АҚШ доллари бўлса, Telegram даромади тахминан 2 млрд АҚШ доллари деб баҳоланмоқда.

Шунингдек, Snapchat компаниясининг бозор қиймати ҳам сўнгги бир йил ичида деярли икки баробарга камайиб, 8,7 млрд АҚШ долларига тушган. Бу ҳолат Telegram қийматининг ҳам пасайишига таъсир қилган.

Яна бир муҳим омил бу – Telegram чиқарган облигациялар. Компания 2026 йил 22 мартда эски облигацияларни қайтариши керак. Айрим таҳлилчилар Дуров ушбу мажбуриятларни бажариш учун инвесторларга Telegram акцияларини таклиф қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркор Илон Маск кетма-кет иккинчи йил “Forbes” талқини бўйича дунёнинг энг бой одамлари йиллик рейтингида биринчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилган эди. Tesla, SpaceX асосчиси ва X ижтимоий тармоғи эгасининг сармояси 839 миллиард АҚШ долларига етди. Маск февраль ойи бошида SpaceX компаниясининг ўз xAI стартапи билан бирлашишидан сўнг бойлиги 800 миллиард АҚШ долларлик довондан ошган илк инсонга айланди.

Бу йилги “Forbes” миллиардерлари рейтингига 390 нафар янги иштирокчи кирди, улар орасида Маскнинг акаси Кимбал, рэпер ва продюсер Dr.Dre (Андре Янг), хонанда Бейонсе Ноулз-Картер ва теннисчи Рожер Федерер бор. Рўйхатдан 89 киши, хусусан, NASA раҳбари Жаред Айзекман чиқариб ташланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Forbes Павел Дуров Telegram Snapchat

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг