Пашинян оломон орасида. Арманистонда нималар бўляпти? (Видео)
Олам
−
25 Февраль 2021
9718Аввалроқ, Арманистон армияси мамлакат Бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилгани ҳақида хабар берган эдик. Бунга Арманистон Қуролли Кучлари Бош штабининг раҳбарларидан бири вазифасидан озод этилгани сабаб бўлган.
Ушбу воқеаларнинг давоми ўлароқ бугун, 25 февраль куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўз тарафдорларининг Ереван марказий кўчалари бўйлаб юришини бошлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Нашрга кўра, Бош вазир ўғли, қизи ва аёли билан биргаликда шаҳар маркази ҳамда мухолифат митинги режалаштирилган Озодлик майдонидан ўтган. Вақти-вақти билан Пашинян тарафдорлари ва мухолифат ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Бу вақтда эса Арманистон мухолифати пойтахт Ереваннинг марказидаги Озодлик майдонида митинг уюштиришга чақирмоқда.
“Биз ўз халқимизни, ватанини қутқаришдан манфаатдор бўлганларни Арманистон армияси ҳамда қуролли кучларимизни қўллаб-қувватлаш ва хоин Пашинян ҳукуматини ағдариш учун Озодлик майдонида йиғилишга чақирамиз”, дейилади ”Ватанни қутқариш ҳаракати” баёнотида.
Пашинян шунингдек, Бош штаби бошлиғи Оник Гаспарянни ҳам лавозимидан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Оник Гаспарян Вазирлар Маҳкамаси раҳбарини ўз халқига қарши куч ишлатмасликка чақириб, Пашинянни огоҳлантирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда қайта авж олган Тоғли Қорабоғ низосида Арманистон Озарбайжондан мағлубиятга учради. Бу эса ўз навбатида Арманистонда сиёсий мувозанатнинг бузилишига олиб келди. Шундан сўнг мамлакат пойтахти бўйлаб бир неча бор намойишлар бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот имзолади.
LiveБарчаси