Паркентда дам олишга борган 47 киши адирликда қолиб кетди
Жамият
−
21 Март 2023
15272Тошкент вилояти Паркент туманида кучли ёмғир оқибатида адирликда қолиб кетган 47 киши қутқарилиб, уларнинг автомобиллари олиб чиқилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 20 март куни Паркент тумани Қизилтоғ шаҳарчаси атрофидаги адирликларга ўз автомобилларида дам олиш мақсадида борган фуқаролар кучли ёмғир ёғиши натижасида у ерда қолиб кетган ва пастга туша олмаётгани сабабли ФВВга хабар берган.
Хабарга асосан, қутқарувчилар айтилган манзилга 7 та махсус техника билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган.
Амалга оширилган тезкор ишлар натижасида қутқарувчилар томонидан дам олувчиларнинг 13 та енгил турдаги автомобиллари ҳамда 47 нафар фуқаро хавфсиз жойга олиб тушилган.
“Юзага келган вазият оқибатида ҳалок бўлган ва тан жароҳат олган фуқаролар йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, “Қамчиқ” довонида MAN русумли нефть маҳсулотлари ортилган юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган эди.
Жавоҳир Қадамов
LiveБарчаси