Париж ва Лондон Москвани START’га қайтишга чақирди
Олам
−
11 Март 2023 12843 2 дақиқа
Франция ва Буюк Британия Стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги шартномани (START, START-3) ядровий қуролларни назорат қилишнинг муҳим воситаси деб ҳисоблайди ва Россияни ушбу келишувда иштирок этишга қайтишга чақиради. Бу ҳақда кеча, 10 март куни Парижда бўлиб ўтган икки томонлама саммит якунлари бўйича қўшма баёнотда айтилди.
“Франция ва Буюк Британия Россиянинг ядровий қуролларни назорат қилиш ва стратегик барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим воситаси бўлган START-3’даги иштирокини тўхтатиб қўйиш қароридан афсусдалар. Шу нуқтаи назардан, Париж ва Лондон ядровий қуролга эга бешта давлат ва ҳукумат раҳбарларининг ядро уруши ҳамда қуролланиш пойгасининг олдини олиш тўғрисидаги қўшма баёнотига содиқликларини тасдиқладилар ва Россия Федерациясини 2022 йил 3 январда қабул қилинган декларациядаги ўз мажбуриятларини тасдиқлашга чақирдилар”, дейилади қўшма баёнотда.
Шунингдек, томонлар Россия ядро синовларини ўтказишга тайёрлигини эълон қилганидан хавотир билдирган. Франция ва Буюк Британия Москва ядровий синовларда мораторийга риоя қилиши зарур деб ҳисоблаши айтилган.
Маълумот учун, Франко-Британия саммити 2018 йилдан бери биринчи марта бўлиб ўтди. Саммитнинг кенг кўламли учрашувларини ўтказишдаги танаффусга икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашгани ва томонлар орасидаги айрим масалалар, жумладан, миграция муаммоси бўйича келишмовчиликларнинг кескинлашгани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 21 февраль куни Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатида Москва START’даги иштирокини тўхтатаётгани, лекин ундан чиқмаслигини маълум қилган эди. Путин Мудофаа вазирлиги ва Росатом олдига зарурат туғилганда Россияда ядро синовларини қайта тиклаш вазифасини қўйган эди.
Live
Барчаси