Париж-2024: Ўзбекистонлик футболчилар турнирни мағлубият билан бошлади
Спорт
−
24 Июль
11918Бугун, 24 июль куни Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпиада ўйинларининг футбол баҳслари старт олди. “С” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон терма жамоаси 1-турда Испанияга қарши баҳс олиб борди.
Дастлабки дақиқаларданоқ Темур Кападзе шогирдлари устунликни ўз қўлига олган бўлса ҳам, биринчи бўлиб учрашувда ҳисобни испанлар очишга муваффақ бўлди.
29-дақиқада стандарт вазиятдан узатиб берилган тўпни, “қизил фурия” аъзоси Пубил “оқ бўрилар” дарвозасига аниқ йўллаб, ҳисобни очди. 1-тайм якунига етаётган паллада испаниялик футболчилар ўз жарима майдончасида Ўзбекистон сардори Элдор Шомуродовга нисбатан қўполлик ишлатди. VAR орқали ҳакам вазиятга аниқ баҳо бериб, Испания дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрлик нуқтадан Шомуродовнинг ўзи аниқ зарба йўллаб, ҳисобдаги мувозанатни тиклади.
2-таймнинг 57-дақиқасида Аббосбек Файзуллаев жарима майдончасида испаниялик футболчига кичик қўполлик ишлатди. Ҳакам эса Абдувоҳид Неъматов дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрлик нуқтага яқинлашган испан футболчиси аниқ зарба йўллаган бўлса ҳам, Неъматов сейв қилишга муваффақ бўлди ва ҳисоб ўзгармади.
62-дақиқада Испаниянинг чап қанотдан қилган ҳужуми гол билан якунланди. Гомес Неъматов дарвозасини ишғол қилди.
2:1 ҳисоби учрашув охиригача ўзгармади ва Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси турнирдаги юришини мағлубият билан бошлади. Испания эса 1-турдаёқ 3 очкони қўлга киритиб, гуруҳ пешқадамига айланиб олди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси гуруҳдаги навбатдаги ўйинини 27 июль куни ўтказади. Ўша куни Кападзе шогирдларига Миср Олимпия терма жамоаси рақиблик қилади.
LiveБарчаси