Парда кўтарилди: Чемпион Нодирбек Абдусатторовнинг отаси барча муаммоларни очиб ташлади
Спорт
−
04 Февраль 2022
37882Шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг тренерига ҳамон ота-онаси ўз чўнтагидан пул тўлайди. Бунинг учун давлатдан ёки Шахмат федерациясидан пул ажратилмайди. Абдусатторовнинг отаси Фазлиддин Очилов Фердерациянинг охирги беш йиллик молиявий фаолиятини текшириб, пуллар қаерга ва қандай мақсадда сарфланганини аниқлаб, мақсадсиз сарфланган бўлса, пулни қайта жойига қўйиб қўйишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 3 февраль куни Туризм ва спорт вазири – Шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов билан ўтган матбуот анжуманида қатнашган QALAMPIR.UZ журналисти хабар берди.
Анжуманда Жаҳон чемпиони Абдусатторовнинг отаси ҳам қатнашиб, бугунгача ўғлини гроссмейстер қилгунгача бошидан ўтган воқеаларни кўзига ёш олгудек айтиб берди.
У агар шахсий молиявий имкониятлари етарли бўлганда, қизи ҳам Жаҳон чемпиони бўлиши мумкинлиги, қўли калталик қилгани ва шу даврда давлат ёрдами бўлмагани учун топгани фақат ўғли Нодирбекдан ортмаганини айтади.
“12 йилдан буён фарзандларим шахмат билан шуғулланаётган бўлса, бизда ҳам ўзига яраша қийинчиликлар бор. Қизим Баҳора 2013 йилда 14 ёшгача қизлар ўртасида Жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби, 2014 йилда 14 ёшида Осиёнинг энг яхши шахматчи қизи деган унвонга эга бўлган. Молиявий имкониятимиз чеклангани учун ҳам қизимга керакли эътиборни беролмадим.
Асосий эътиборни Нодирбекка қаратдик. Қизимга ҳам Нодирбекка берилган эътибор бўлиб, алоҳида мураббийга бориб, мусобақаларда қатнашганида, балки у ҳам гроссмейстер бўларди. Шунда ҳам Халқаро шахмат устаси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, бир қанча чемпионатларда қатнашган. Бугунги кунда мураббий сифатида фаолият олиб боряпти”, дейди чемпионларнинг отаси.
У сўзида давом этаркан, фарзандлари учун игна билан қудуқ қазиётган, Жаҳон чемпиони бўлгач, ортидан давлат амалдорлари раҳмат эшитадиган болаларнинг ота-оналари чекаётган заҳматларни тилга олди:
“Бугун болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланган. Вилоятлардан келадиган ота-оналарга жуда қийин. Биз Тошкентда ишлаганимиз сабабли бу жараён анча осон бўлган. Вилоятларда иқтидорли болалар жуда ҳам кўп. Уларга керакли шарт-шароитлар йўқлиги, ота-оналарда молиявий қийинчиликлар борлиги уларни имкониятини чеклаяпти”.
Фарзагдини Жаҳон чемпиони даражасигача олиб чиққан ота ўзидан ўтган аламларга ҳам тўхталди.
“Федерация тизимни ўзгартириши керак. Федерация ҳисобида миллиардлаб маблағ бор экан, бизга айтилмаган. Бориб мурожаат қилганимизда ҳам айтарли жавоб берилмаган. Ҳозиргача Жаҳон чемпиони бўла туриб ҳам тренерга ўзимни чўнтагимдан пул тўлайман. Бошқа давлатларда бунақа нарса бўлмаса керак.
Бу менга аламли. Шахмат фердерациясининг охирги беш йиллик молиявий фаолиятини текшириб, пуллар қаерга ва қандай мақсадда сарфланганини аниқлаб, мақсадсиз сарфланган бўлса давлатни пулини жойига қайтарилиб керакли мақсадда сарфланишини таъминлашларни талаб қиламан”, дейди Фазлиддин Очилов.
Унинг қайд этишича, Шахмат федерациясида ижроия қўмитасида шахматни тушунмайдиганлар ишлаяпти.
“2017 йилда Нодирбекни ойисини чақириб, “шахматни тушунмайсиз”, “мураббийга ҳалал берасиз” деб айтишган. Ўша одамлар ҳозиргача фаолият юритмоқда. Ижроия қўмитаси таркибини қайта тузишда ота-оналар ва мураббийлар билан маслаҳат қилиш керак. Ижро қўмитаси ҳозирги маблағларни ҳам назорат қилиш керак. Бўлмаса Федерация ҳисобига ўтказилган пуллар ҳам қаергадир кетиб қолади ва эски ҳаммом эски тос бўлади”, дейди чемпионларнинг отаси.
LiveБарчаси