Пандемияга қарши курашда фидойилик кўрсатган 357 кишига давлат мукофотлари топширилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2020 йил давомида тиббиёт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари билан берилган давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Лазиз Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев ҳамда соҳа мутасадди раҳбарлар иштирок этган. 

Маросимда таъкидланганидек, якунланаётган 2020 йил коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия шароити туфайли бутун инсоният, хусусан, Ўзбекистон халқи учун оғир, синовли йил бўлди. 

“Айниқса, аҳоли саломатлигини таъминлашга масъул бўлган соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, шифокор ва ҳамшираларимиз, санитария вакиллари фидойиллик, касби ва қасамёдига садоқат кўрсатиши, машаққатли меҳнат қилиши талаб қилинди. Юртимиздаги барча тиббиёт ходимлари ушбу чорловга лаббай деб жавоб бериб, ҳеч иккиланмасдан ўз ҳаёти, жонидан кечиб, яқинлари, оила-аъзолари ҳаётини таҳликага қўйиб вирусга қарши мардонавор курашга, халқ дардига малҳам бўлишга чоғланишди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 июлдаги “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган фуқаролардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2020 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган тиббиёт соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан 357 нафар фидойи фуқаролар тақдирланди. 

Улар орасида 269 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият  юритаётган тиббиёт соҳаси мутахассисларидир. Жумладан, мукофотланганлар орасида 200 нафари шифокор, 69 нафари эса ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, тадбирда ўтиб бораётган йил нафақат тиббиёт ходимлари учун оғир кечгани, шу билан бирга, ривожланиш, ислоҳот ва ўзгаришлар йили бўлгани ҳақида сўз борган. Ушбу даврда паралелл равишда тиббиёт соҳаси ислоҳотлари, замонавий тиббий иншоотларни бунёд этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилган. Жумладан, шу йилнинг ўзида 200 га яқин тиббиёт муассасаси бунёд этилган. 

Улар орасида Тошкент шаҳрида қад ростлаган қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган Болалар миллий тиббиёт маркази, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Чилонзор туманида қурилган Иккинчи перинатал маркази каби замонавий тиббиёт муассасаларига алоҳида урғу берилган. 

Тадбир сўнггида Президент Фармонига кўра берилган Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг