Пандадан Саунагача ёхуд ноодатий дипломатиялар
Таҳлил
−
27 Январь 3015 6 дақиқа
Дипломатия жазга ўхшайди:бир мавзу
атрофида саноқсиз талқинлар
(Ричард Холбрук, америкалик дипломат)
Дипломатия, бу сўзга бериш мумкин бўлган таърифлар бисёр. Кимдир уни қуролга ўхшатса, яна кимдир санъатга қиёс қилади. Универсал изоҳ мавжуд эмас, ҳаммада ўзига хос талқин бор.
Классик таърифда дипломатия – музокаралар санъати сифатида кўрилади. Бунга кўра, ҳукуматлараро муносабатларни моҳирона музокара йўли билан, куч ишталмасдан тартибга солиш дипломатиянинг асосий хусусиятидир. Аммо баъзи мутахассислар дипломатияни ташқи сиёсатни амалга ошириш қуроли деб билишади. Ушбу талқин, дипломатияни халқаро майдонда ўз манфаатларини илгари суриш мақсадида қўлланилувчи восита сифатида татбиқ этади.
Таърифларга монанд замонавий дунёда дипломатиянинг тури ҳам кўп. Олдинлари фақат йирик давлат раҳбарларининг хашамдор хоналарда, қоғозларга тўла стол атрофида олиб борадиган музокараларига нисбатан қўлланилган атама, бугун қайсидир маънода ошхонадан тортиб саунагача “кириб чиқди”. Панда дипломатияси, сауна дипломатияси ёки палов дипломатияси каби ноодатий сиёсий атамалар гарчи бир қарашда ғалати ва самарасиз туюлса-да, замонавий халқаро муносабатларнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурган.
Панда дипломатияси
Кўпчиликка маълумки, бутун дунё пандалари Хитой Халқ Республикаси мулки ҳисобланади. Уларни ўғирлаш тугул сотиб олиш ҳам имконсиз. Пандалар – хитойнинг миллий бойлиги ҳисобланади ва уларга зарар етказиш ёки уларнинг контрабандаси билан шуғулланиш, ҳатто ўлим жазосигача олиб бориши мумкин. Ҳозирда пандаларни фақат 10-15 йилга ижарага олиш имкони мавжуд бўлиб, йиллик тўлов – 1 миллион АҚШ доллари.
.jpg)
Пандалар бир вақтнинг ўзида Хитой дипломатиясининг энг ўзига хос инструменти ҳам ҳисобланади. Тарихда ушбу жонзотлар Хитойнинг энг яқин дўстларига ҳадя қилинган ва бу алоҳида ишонч ва ҳамкорлик рамзи бўлган. Милодий 685 йилда Тан сулоласи маликаси Цзэтянь Япония императорига иккита панда совға қилгани ҳақида тарихий манбалар мавжуд бўлиб, бу ушбу қадриятнинг узоқ тарихий илдизга эга эканлигини билдиради.
Мао Сзедун даврида пандалар СССР каби социалистик ҳамкорларга мутлақ совға сифатида берилган. Бундай ноодатий совға социал давлатлар ўртасида илиқ муносабатлар, дўстлик ва бирдамлик мафкураларининг тарқалишига ёрдам берган.
Энг катта бурилиш 1972 йилда АҚШ президенти Ричард Никсоннинг Пекинга ташрифи бўлди. Ўшанда Хитой АҚШга Линг-Линг ва Синг-Синг исмли пандаларни совға қилган. Бу икки мафкуравий қутб ўртасида яқинлашув, Совуқ урушнинг тугаши аломати сифатида кўрилган эди.
Пандаларнинг йўқолиб кетиш хавфи пайдо бўлгач, 1984 йилдан бошлаб Хитой уларни ҳадя этишни тўхтатди ва ўрнига турли шартлар асосида ижара тизмини ишлаб чиқди. Пандаларни ижарага олган давлат унга ғамхўрлик кўрсатиш, қўпол муносабат қилмаслик ва йилига 1 млн АҚШ доллари миқдорида ижара ҳақи тўлаш каби шартларни қабул қилади.
Пандалар ўзига хос индикатор бўлиб, дипломатик алоқалар ёмонлашса, Хитой ушбу жониворларни қайтариб олади ёки ижара муддатини узайтирмайди. Масалан, сўнгги йилларда АҚШ ва Хитой муносабатлари таранглашгани сабабли, бир неча Америка ҳайвонот боғларидаги пандалар Хитойга қайтариб олиб кетилди.
Гастро ёки ошхона дипломатияси
“Юракка энг қисқа йўл ошқозон орқали ўтади”, деган гап дипломатияда ҳам амал қилади. Кўп давлатлар ўз маданиятини ёйиш ва халқаро нуфузини ошириш учун миллий таомларидан фойдаланади. Жанубий Корея, Таиланд, Перу ва ҳатто Ўзбекистон ҳам гасртодипломатияда фаолдир.
Таиланд ушбу дипломатиянинг кашшофларидан ҳисобланади. Ушбу давлатда Тай ресторанларини очиш давлат дастурига киритилган бўлиб, ҳукумат бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва молиялаштиради. 2002 йилда амалга кирган ушбу дастур натижасида бугунги кунда дунё бўйлаб 15 000 дан ортиқ Тай ресторанлари мавжуд. Бу туризмнинг ўсишига ва Таиландга нисбатан халқаро хайрихоҳликнинг ошишига олиб келди.
“Кимчи” эса Жанубий Корея дипломатиясининг замонавий “қурол”ларидан бирига айланган. Корея бутун дунёга “Кимчи”ни соғлом овқатланиш рамзи сифатида ёя олди. 2013 йилда корейсча кимчи тайёрлаш анъанаси UNESCO’нинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.

Ўзбекистон ҳам паловни ўзининг ташриф қоғозига айлантирган. Давлат ташаббуси билан Вашингтон, Лондон, Париж ва Москвада мунтазам равишда палов фестиваллари ўтказилиб келинмоқда. Одатда бундай тадбирларга хорижий дипломатлар, бизнесменлар ва маданият арбоблари таклиф этилиб, миллий таом орқали Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги ва туризм салоҳияти тарғиб қилинади. Бир лаганда палов ейиш эса қалин дўстлик ва яқинлик кайфиятини уйғотади.
Умумлашган фикрга кўра дипломатия – бу давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ва керакли мақсадга эришиш учун чет элларда олиб борилаётган фаолият. Дунёдаги юзлаб элчихоналар айнан шунинг учун хизмат қилади.
“Россиядаги ҳар бир ўзбек ресторани бу Ўзбекистоннинг кичик элчихонаси эмасми?”, деган эди Россиялик ошпаз ва телебошловчи Сталик Ханкшиев.
2016 йилда “Палов маданияти ва анъанаси” UNESCO’нинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.
Сауна дипломатияси
Қанчалик ғалати туюлмасин, Финландия сиёсатида сауналарнинг ўрни катта. Финландияликлар учун сауна шунчаки ювиниш жойи эмас, балки барча тенг бўладиган, кийимлар ва унвонлар ечиб ташланадиган, самимий мулоқот ҳудудидир. Музокараларнинг бундай ғалати усули бир вақтнинг ўзида жуда самарали ва бу тарихан исботланган ҳам.
Финландиянинг собиқ президенти Урхо Кекконен “сауна дипломатияси”нинг энг моҳир устаси бўлган. 1960 йилларда Россия билан яқин алоқаларга эга Финландия Ғарб билан интегратсиялашув ҳам ниҳоятда муҳимлигини тушунарди. “Сих ҳам, кабоб ҳам куймасин”, қабилида иш юритишни кўзлаган фин президенти Кекконен СССР раҳбари Никита Хрушчёвни саунага таклиф қилади. Туни бўйи саунада суҳбатлашишгач, фин раҳбари ўз мақсадига эришган. Бундан ташқари, 2005 йилда Владимир Путин Хельсинкига ташриф буюрганида, у Финляндиянинг собиқ президенти Таря Халоненнинг эри билан саунада бўлган ва буни “ажойиб тажриба” деб таърифлаган.

Жорий йилнинг 20 январь санасида ҳам Финляндия Президенти Александр Стубб АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бирга саунага бориб, Гренландия атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш таклифини берди.
“Баъзан бир оз тўхтаб олиш фойдали. Биласизми, саунага бориш, яхшилаб буғланиш, кейин эса ечим топиш керак. Гольф дипломатиясидан сауна дипломатиясига. Нега энди йўқ?” дейди Стубб “The Washington Post” нашрига берган интервьюсида.
Амалдаги Финландия Президенти миллий анъаналарни ниҳоятта ҳурмат қилади. Стубб ўзини “бошдан-оёқ фин” деб атар экан, баъзан муҳим қарорларни айнан саунада яхшилаб буғланиб чиққандан кейин қабул қилишини айтган.
Хулоса қилиб айтганда, дипломатия олами ниҳоятда ранг-баранг. Баъзи сиёсатчилар расмийликдан қочиб, эркинроқ бўлишга интилса, баъзилари турли совға-ю таомлар билан кўнгил олиш пайида бўлади. Дипломатия қандай кўринишда бўлмасин, муҳими тинч йўл билан, ҳеч қандай қуролли тўқнашувларсиз келишмовчиликларни ҳал этиши керак.
Live
Барчаси