Пахтачида Cobalt скутерни уриб юборди. 2 киши ҳалок бўлди
Crime
−
12:54 1678 2 minutes
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида Cobalt скутерни уриб юбориши оқибатида буви ва унинг невараси ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 октябрь куни соат 13:00 лар атрофида Пахтачи тумани “Миркан” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4К-560 автомобиль йўлининг 14-километрида ЙТҲ содир бўлган. Cobalt русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Миркан–Мисит йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўлнинг ўнг томонидан тўсатдан чиқиб қолган велосипедчини уриб юбормаслик мақсадида бошқарувни чап томонга бурган.
Оқибатда ҳайдовчи руль бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва ўз йўналишида қатнов қисмининг чап чеккаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган электроскутерни уриб юборган. Ҳодиса туфайли скутерда бўлган бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамасдан, йўловчи шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан оралиқ масофани сақлаш, белгиланган тезликни меъёридан оширмасдан, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш сўралади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 2010 йилда туғилган мактаб ўқувчиси онасининг Cobalt машинаси билан йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ва оқибатда унинг синфдоши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All