Охирги 4 ойда Ғазода қанча фаластинлик қурбон бўлгани очиқланди
Олам
−
06 Февраль
30072023 йилнинг 7 октябридан бери Исроилнинг бомбардимонлари остида бўлган Ғазо секторида 100 мингга яқин одам ҳалок бўлган, яраланган ёки бедарак йўқолган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) раҳбари Филипп Лаззарини маълум қилди.
Лаззарини Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида берган баёнотида Ғазо аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи уйларини тарк этишга мажбур бўлганини айтди.
Ғазодаги 17 минг боланинг ҳимоясиз ёки оиласидан ажралганига эътибор қаратган БМТ расмийси шундай деган:
“Ғазодаги 4 ойлик уруш давомида деярли 100 минг киши ҳалок бўлди, яраланди ёки бедарак йўқолди. Бу аҳолининг тахминан 5 фоизига тўғри келади. Сизнинг шаҳрингиз ёки мамлакатингизда бу нимани англатишини осонгина тушунишингиз мумкин”.
БМТ расмийси ўт очишни тўхтатишга чақириқни такрорлаган.
“Уруш давом этмоқда, аммо унда ғолиб бўлмайди. Фақат оғриқ, азоб ва қайғу қолади. Ўт очишни тўхтатиш вақти келди. Ғазо, Исроил, минтақадаги ва ундан ташқаридаги бошқа мамлакатлардаги одамларнинг манфаати учун бошқа йўл керак”, дейди у.
Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, 7 октябрдан бери Исроил ҳужумлари натижасида 27 478 киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлди, 66 835 нафар фаластинлик яраланди.
LiveБарчаси