Ўзбекистонда ЗРМ синовдан ўтказилди (видео)
Жамият
−
08 Ноябрь 2019
6057Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бўлинма шахсий таркиби жанговар тайёргарлик ўқув режасига кўра, Навоий вилоятида жойлашган “Қулқудуқ” ҳаво-ер ҳарбий полигонида “Мусаффо осмон” тактик-ўқув машғулоти ўтказди.
Машғулот давомида жанговар шай ҳолатга келтирилган зенит-ракета мажмуалари ишга туширилди: дастлаб, ҳарбий авиация орқали яқин масофадаги нишон ҳавога қўйиб юборилди. Ҳаводаги жисм ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларга таянган ҳолда, ракета жанговар ҳолатда отилди. Нишон қисқа вақт ичида бехато уриб туширилди; шундан сўнг, узоқ масофадаги нишонларни уриб туширишга мўлжалланган зенит-ракета мажмуаси ўз “иш”ини бошлади! Ҳавога шартли душман – учувчисиз учиш аппарати учирилди.
Шахсий таркиб бошқарув ва қўмондонлик пунктида узоқ масофадаги нишоннинг оралиқ масофаси, ҳаракати ва тезлигини аниқлаб, кузатувга олди. Сўнгра юқори қўмондонликнинг “Нишон йўқ қилинсин!” буйруғига биноан ҳаво-ер ракетаси жанговар отиш ҳолатида нишон томонга йўналиш олди. Саноқли сонияларда шартли душман учиш аппарати буткул зарарсизлантирилди.
LiveБарчаси