Ўзгидромет: “Май ойида 24 та шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш даражаси паст бўлди”
Жамият
−
09 Июнь 2020
8372Май ойида Ўзбекистондаги 24 та шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш даражаси паст бўлди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмат марказининг май ойидаги кузатувлари хулосасида айтилган.
Ўтган ойда Олмалиқ шаҳрида юқори ифлосланиш даражаси қайд этилган. Шаҳарда АИИнинг (атмосфера ифлосланишининг комплекс индекси) қиймати 8,85 га тенг бўлган.
Шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши саноат корхоналари ажратмаларининг тарқалиши ва метеошароитларга боғлиқ бўлган.
Умуман, республика бўйича 2020 йил майда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёр чегарасида бўлган.
Республика бўйича радиациявий фон ифлосланиши ҳолати тўғрисида
Атмосфера еролди қатламининг радиациявий мониторинги Ўзгидромет тармоғида ҳар куни 40 та шаҳар ва аҳоли пунктларидаги метеомайдончаларда гамма-нурланиш экспозиция дозасини асбоблар ёрдамида ўлчаш орқали амалга оширилади.
Ўтказилган радиациявий мониторинг бўйича 2019 йил майда радиациявий гамма-фоннинг ўртача қийматлари рухсат берилган меъёр (0,30 мкз/ч) дан ошмаган.
Республика бўйича ўртача гамма-фон қиймати 0,15мкЗв/ч ни ташкил қилган.
Маълумот учун, Ўзгидромет атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини 25 та шаҳардаги 56 та стационар кузатув пунктида амалга оширади. Аҳоли сонига қараб ва норматив ҳужжатлар асосида шаҳарларда 2 тадан 4 тагача пост жойлаштирилган. Тошкентда 13 та кузатув пункти бор. Кузатув пунктларида атмосфера ҳавосидаги 12 та газ аралашмаси назорат қилинади. Шаҳарда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш дастури бешта асосий ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксидини ўз ичига олади. Саноат ажратмалари таркиби ва яқинда жойлашган шаҳарлар ва туташган ҳудудлар хусусиятларига қараб дастурий ўлчовларга бошқа моддалар (аммиак, фенол, формальдегид, озон, хлор, қаттиқ фторидлар, фторли водород, оғир металлар) қўшилади.
Атмосфера ҳавоси ҳолати устидан кузатувлар ҳар куни ҳафтасига 6 кун сутка давомида 3 марта (маҳаллий вақт билан соат 7:00, 13:00, 19:00 да) амалга оширилади. Ўзгидромет кузатув пунктларида ҳаво намуналари аспиратор усулида олинади ва марказ лабораторияларида таҳлил қилинади.
Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасининг кўрсаткичи — бу атмосфера ифлосланишининг комплекс индексидир (АИИ).
Шаҳар атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасини тавсифлаш учун стандарт интеграл кўрсаткич — атмосферанинг ифлосланиш индекси (АИИ)дан фойдаланилади, у бешта асосий ифлослантирувчи ингредиент (чанг, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксиди) бўйича ҳисобланади. АИИнинг 5 баллдан кам қиймати паст ифлосланиш даражасига тўғри келади.
Ҳавонинг ифлосланиш даражаси АИИ 0-4 бўлганда паст, АИИ 5-6 бўлганда ошган ва АИИ 7-14 бўлганда юқори, АИИ> 14 бўлганда энг юқори ҳисобланади.