Прописка тизими тўғрисидаги қонун муҳокамага қўйилди
Жамият
−
04 Апрель 2020
9255Аввалроқ, “Тараққиёт стратегияси” маркази Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳужжат лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик. Айни вақтда қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Қонунга кўпчилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда.
Фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.
Бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланмоқда.
Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган.
Илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади.
Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.
Бундан ташқари, оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.
Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда.
Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади.
Шу билан бирга, доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади.
Доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади.
Туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиби киритилмоқда.
Таъкидланишича, юқоридагилардан ташқари, масъул идораларга фуқароларнинг ўз хоҳиши билан рўйхатда туришини рағбатлантириш, доимий рўйхат талаб этиладиган давлат хизматларини вақтинчалик рўйхат орқали амалга ошириш имкониятини яратиш бўйича зарур топшириқлар берилган.
Муҳокама жорий йил 11 апрелга қадар давом этади. Лойиҳанинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
LiveБарчаси