Коронавирус қурбонлари сони 250 нафардан ошди. Ўзбекистон Хитой билан авиақатновни тўхтатди
Жамият
−
01 Февраль 2020
10475Ўзбекистон коронавирус эпидемияси расман бартараф этилмагунича Хитойга сафарларни ва ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга ташрифларни вақтинча тўхтатди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан тузилган Ҳукумат комиссияси шундай қарор қабул қилган.
Шунингдек, Хитойдаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш учун чартер рейслар ташкил қилиниши белгиланди.
Комиссия Ташқи ишлар вазирлигига Хитой томонини Ўзбекистон икки мамлакат ўртасидаги доимий авиақатновни вақтинча тўхтатгани ҳақида огоҳлантириш вазифаси топширилди.
Маълумот учун, бугунгача Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлиб, дунёга тарқалган 2019-nCoV вирусидан 259 нафар одам ҳалок бўлди. Дунё бўйича ушбу вирус билан касалланганлар 11943 нафарга етди. Вирус юқтирганларнинг асосий қисми – 11791 нафари Хитойда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов коронавирус сабаб Хитойдан ва бошқа давлатлардан келаётган чет элликларнинг мамлакатга киришига вақтинча чеклов қўйиш таклифини билдирганди.
LiveБарчаси