Трамп коронавирус учун тест топширди. Натижа манфий
Олам
−
03 Апрель 2020
16370Кеча, 2 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп коронавирус учун янги тезкор тестдан ўтди. Президентда ушбу вирус мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
“Мен тестдан ўтишга бир дақиқа вақт сарфладим. Натижалар чиқиши учун 14-15 дақиқа керак бўлди. Мен ишлашим керак эди, шу сабаб натижалар чиқишини кутиб ўтирмадим. Сўнгра жавобни айтишди, менда вирус аниқланмади”, дейди Трамп Оқ уйдаги брифингда.
Трамп бу тестни шунчаки қизиқувчанликдан топширганини ва унинг соғлиғида хавотирли ҳеч нима бўлмаганини таъкидлади. Маълум бўлишича, давлат раҳбари ушбу тезкор синовдан икки марта ўтган.
“Мен икки марта тест топширдим. Буни қизиқувчанликдан ўтказдим. У қанчалик тезкор ва осонлигини кўрдим”, дейди АҚШ Президенти.
Шу ҳафта бошида Трамп, АҚШ яқин келажакда синовларни кенг миқёсда амалга ошириш ниятида эканлигини маълум қилди. Бу тест билан одамда коронавирус бор-йўқлигини бир неча дақиқада аниқлаш мумкин.
Ушбу синов АҚШ озиқ-овқат ва дорилар бошқармаси томонидан тасдиқланган. Тест натижаси 5 минутдан 15 минутгача бўлган муддатда маълум бўлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан боғлиқ 245 540 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 6 053 нафари вафот этган, 9 148 нафари эса соғайган.