Озарбайжон Россия-Украина урушида украинлар ғалабаси учун ёрдам бермоқчи
Олам
−
11 Август 2023 12156 3 дақиқа
Озарбайжон Украина учун янги ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ҳақда Украина ҳукумати порталида маълум қилинди.
Қайд этилишича, кеча, 10 август куни Украина Ички ишлар вазири ўринбосари Богдан Драпятий ва Озарбайжоннинг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сеймур Мардалиев ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда муҳокама қилинган асосий мавзу Украинанинг аҳоли пунктларини миналардан тозалаш масаласи ва бу бўйича расмий Бакунинг ёрдами бўлган.
Украина Ички ишлар вазири ўринбосарининг айтишича, ҳозирда мамлакатда аҳоли яшаш жойларини миналардан тозалаш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда, аммо унга миналардан тозалаш ускуналарини етказиб бериш бўйича ёрдам керак. Драпятийнинг сўзларига кўра, бир дона шундай қурилма 1 кун ичида сапёрларнинг 100 кунлик ишини бажаради.
Ўз навбатида, Сеймур Мардалиев ҳам Озарбайжон Россия билан урушда Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирган.
“Ушбу учрашувда иштирок этганимиздан жуда хурсандмиз. Биз Россия Федерациясининг тажовузини қайтаришдаги матонатингиз ва жасоратингиздан ҳайратда эканлигимизни билдирмоқчимиз. Шунинг учун биз Украинани миналардан тозалаш масаласида ёрдам пакети ҳажмини оширишга қарор қилдик. Биз аллақачон Украинага ёрдам бериш бўйича сиёсий мажбуриятларни олганмиз”, дея Мардалиевнинг сўзлари келтирилади Украина ҳукумати порталида.
Бунда Озарбайжон Украинага тўртта йўналишда ёрдам кўрсатади. Булар: ҳарбий ҳаракатлар сабаб жабрланган украиналик болаларни тиббий ва психологик реабилитация қилиш, энергетика соҳасидаги ёрдам ва Украинани урушдан кейин реконструкция қилишдаги кўмак.
“Биз ҳамкорлик қилиш учун Ирпень шаҳрини танладик. Гап шаҳар инфратузилмасини реконструкция қилиш ҳақида бормоқда. Лойиҳа концепциясида архитектура маркази, спорт мажмуасини реконструкция қилиш, болалар учун янги санъат маркази қуриш, шифохонани тиббий жиҳозлар билан таъминлаш кўзда тутилган”, дейди Озарбайжон элчиси.
Бундан ташқари, келгусида миналардан тозалаш масаласида тажриба алмашиш бўйича Озарбайжон ҳудудида тренинглар ўтказишга ҳам келишилган.
“Озарбайжон миналардан тозалаш соҳасида украиналик мутахассислар учун тренинглар ўтказадиган давлатлар рўйхатига қўшилди. Бизнинг тажрибамиз сиз учун жуда қизиқ бўлади. Гап нафақат миллий имкониятлар, балки Озарбайжон иштирок этган халқаро миссиялар ҳақида ҳам кетмоқда. Биз сизга керакли ёрдамни кўрсатишда давом этамиз. Президентимиз вазиятни назорат остида ушлаб туради ва давлатингиз раҳбари Владимир Зеленский билан доимий музокаралар олиб боради”, дея хулоса қилган Мардалиев.
Маълумот учун, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён Озарбайжон унга минг тоннадан ортиқ дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ва умумий қиймати 17 миллион долларга яқин гуманитар ёрдам етказиб берган. Шу билан бирга, Озарбайжон Россиянинг ракета зарбаларидан кейин Украина энергетика тизимини тиклаш ҳаракати доирасида ушбу мамлакатга 45 та қувват трансформатори ва 50 та генератор жўнатган.
Live
Барчаси