ОТМларда Таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари очилади

Жамият

image

Ҳар бий олий таълим муассасасида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг бўлимлари ташкил қилинади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида белгиланган.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда – Таълим инспекцияси) асосий вазифалари этиб белгиланади:

•    таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнларини, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш, малака тоифаларини бериш ва уларни сертификатлаш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

•    таълим ташкилотларида таълим сифати маданиятини (quality culture) шакллантириш ва таълим сифатини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

•    хорижий тажрибада синовдан ўтган таълим сифатини оширишнинг превентив, таъсирчан ва самарали механизмларини таълим фаолиятига татбиқ этиш;

•    мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш;

•    нодавлат таълим ташкилотлари ва давлат олий таълим муассасаларининг таълим фаолиятини лицензиялаш ҳамда улар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;

•    таълим олувчилар билим, кўникма ва малакаларининг давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда таълим дастурларига мувофиқлигини назорат қилиш;

•    хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва Ўзбекистон Республикасида берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар ва квалификацияларни халқаро таълим ҳамжамиятида тан олинишига ҳар томонлама кўмаклашиш;

•    таълим ва фан соҳаси ташкилотлари томонидан берилган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш;

•    дунёнинг нуфузли рейтинг ташкилотлари индикаторлари ҳамда миллий рейтингни аниқлаш бўйича халқаро тажрибага мувофиқ ишлаб чиқилган мезонлар асосида таълим ташкилотлари миллий рейтингини аниқлаш ва расман эълон қилиш, таълим ташкилотларига рейтингдаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;

•    таълим олувчиларнинг билим ва саводхонлик даражасини ҳамда компетентлигини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг иштирокини таъминлаш;

•    дунёнинг етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва олий таълим ташкилотларининг ушбу рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашиш;

•    таълим сифатини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

•    назорат фаолиятини бошқаришнинг замонавий тизимини жорий этиш, назоратнинг шаффофлигини таъминлаш, коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриш;

•    қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш;

•    таълим сифатини назорат ва таҳлил қилиш бўйича ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;

•    Таълим инспекцияси фаолиятига оид масалалар юзасидан халқаро алоқаларни кенгайтириш, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни такомиллаштириш.

Шунингдек, қуйидагилар белгиланади:

Таълим инспекцияси бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Таълим инспекцияси бошлиғи мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирга, бошлиқнинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, бошлиқ ўринбосари эса вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Таълим инспекциясининг бошқарув ходимлари Ҳукуматнинг имтиёзли тиббий хизматидан фойдаланишга ҳақли;

Таълим инспекцияси ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Таълим инспекцияси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар) ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 январдаги “Давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2722-сон қарори 1-бандида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;

Таълим инспекцияси зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар Таълим инспекциясининг қонуний талабига кўра тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кечиктирмаган ҳолда бепул тақдим этилади;

давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар Таълим инспекциясига унинг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиши шарт;

Таълим инспекцияси томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади;

Таълим инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларини фаолият йўналишига хос бўлмаган ишларга жалб қилишга йўл қўйилмайди;

Таълим инспекцияси ўз ваколатларини барча давлат органлари
ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига бўйсунади ва ҳисобдор бўлади;

таълим соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда норматив тусдаги бошқа ҳужжатлар (давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари) мажбурий тартибда Таълим инспекцияси билан келишилади.

Белгиланишича:

республикадаги барча олий таълим ташкилотлари таркибида уларнинг белгиланган штатлари доирасида Таълим инспекцияси бошлиғи тавсиясига асосан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган 3 нафар ходимдан иборат таълим сифатини назорат қилиш бўлимлари (кейинги ўринларда – бўлим) ташкил этилади;

бўлим бошлиғининг ойлик иш ҳақи олий таълим муассасаси декани лавозими маошига, бош мутахассисларининг ойлик иш ҳақи – олий таълим муассасаси декани ўринбосари лавозим маошига тенглаштирилади.

Бўлимларга:

•    олий таълим ташкилоти таълим олувчилари билимларининг давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқлигини ўрганиб бориш ва таҳлил қилиш;

•    таълим сифати мониторингини юритиш;

•    олий таълим ташкилотида ички баҳолаш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш;

•    профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлиги бўйича рейтингини шакллантириб бориш;

•    ички баҳолаш натижаларини ва таълим сифатига таъсир этган омиллар тўғрисидаги маълумотларни олий таълим ташкилоти ректорига ҳамда Таълим инспекциясига тақдим этиш вазифалари юкланади.

Таълим инспекциясига шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга қуйидаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилсин:

•    таълимга оид ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш;

•    таълим сифатини ички баҳолаш тизими, шу жумладан сифат менежменти тизимини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва жорий қилишга кўмаклашиш;

•    илмий-методик ва ахборот-консалтинг хизматларини кўрсатиш;

•    уларнинг ходимларини таълим сифатини таъминлаш масалалари бўйича малакасини ошириш;

•    намунавий тест топшириқлари асосида таълим олувчилар ўртасида диагностик тест синовлари ўтказиш;

•    ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар, журналлар, ахборотномалар ҳамда бошқа адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш ва реализация қилишни ташкил этиш;

•    қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хизматлар.

Қуйидагилар Таълим инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

•    мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог кадрларининг иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаларига, катта, етакчи ва бош ўқитувчи лавозимларига талабгорларни навбатдан ташқари аттестациядан ўтказишда тўланадиган йиғимлардан тушадиган маблағнинг 50 фоизи;

•    нодавлат таълим ташкилотлари, хорижий таълим муассасалари, ўзини ўзи молиялаштирадиган давлат таълим муассасалари ва уларнинг филиалларини аттестациядан ўтказганлик учун ундириладиган йиғимлар;

•    хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизмати кўрсатганлик учун ундириладиган йиғимларнинг 50 фоизи;

•    таълим ва фан соҳаси ташкилотлари томонидан бериладиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйганлик учун ундириладиган йиғимларнинг 30 фоизи;

•    таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик учун ундириладиган давлат божининг 50 фоизи;

•    таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда ундириладиган жарима маблағларининг 50 фоизи;

•    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

•    халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар грантлари;

•    Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

•    шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган даромадлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг