ОТМлар жойлашувининг йўллардаги тирбандликка таъсири ўрганилди
Жамият
−
14 Февраль 2023
4322Олий таълим муассасалари жойлашувининг шаҳарлар ҳолатига, хусусан, тирбандлик муаммосига таъсири ўрганилди. Ушбу ўрганиш Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан амалга оширилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, таълим муассасалари ривожланишнинг асоси ҳисоблангани учун уларни оқилона жойлаштириш шаҳарсозликнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Масалан, 2012 йилда Москвада йўллардаги юкламани камайтириш мақсадида 2020 йилгача мавжуд бешта йирик пойтахт университети учун Москва ҳалқа йўли ташқарисида ўқув кампуслар қуриш режалаштирилган.
Хусусан, бир нечта нуфузли ОТМлар оптималлаштиришга қарор қилинган. Шунингдек, жаҳоннинг QS World University Ranking рейтингидаги 25 та энг нуфузли олийгоҳнинг 9 таси пойтахт шаҳарларда ва қолган 16 таси пойтахт шаҳарлардан ташқарида жойлашган.
Тадқиқотда Тошкент шаҳри йўлларининг тирбандлик даражаси, йўллардаги ўртача тезлик,тирбандлик мавжуд йўллар узунлиги, ижтимоий сўровнома натижалари шартлар бўйича баҳоланган.
Тирбанд йўллар узунлиги QGIS дастури воситасида QuickMapServices маълумотлари асосида ўлчанган. Тирбандлик харитаси бўйича автомобиль йўлда 10 км/соатдан кам тезликда ҳаракатланса – тўқ қизил, 10-25 км/соат оралиқдаги тезлик – қизил, 25-45 км/соат оралиқ – сариқ ва 45 км/соатдан юқори тезлик – яшил рангда ифодаланади. Шуни инобатга олиб, фақат қизил ва тўқ қизил рангли йўллар таҳлил қилинган.
Натижаларга кўра, бугунги кунда шаҳарда тирбандлик юқори йўлларнинг жами узунлиги 120 километрдан ошиб, бу Тошкентдан Гулистонгача бўлган масофадан (119 км) ҳам ортиқ. Республика ОТМларининг 43 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, жами талабаларнинг 34 фоизи (354 минг) пойтахтда таҳсил олади.
Сўровнома иштирокчиларининг 47 фоизи тирбандликни келтириб чиқарувчи уч асосий сабабдан бири сифатида айнан ўқишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортиш ҳолатларини қайд этган. Сўровда иштирок этган талабаларнинг 78 фоизи тирбандликни асосий муаммолардан бири деб баҳолаган.
Талабаларнинг 9,3 фоизи бўш вақтларида киракашлик қилишини билдириб, уларнинг 91 фоизини Тошкентга бошқа ҳудуддан келган талабалар ташкил этган.
“Талабалар учун ўқиш давридаги фаолликнинг ортиши ўта тирбанд йўллар узунлиги 8,5 кмдан 11,3 кмгача ошишига сабаб бўлади. Ўқиш даврида тирбандликнинг ортиши сабабли 1 йилда атмосферага қўшимча 507 тонна СО2 ажралиб чиқиб, бу ҳолат қўшимча 19 031 туп дарахт экиш ёки 53 гектар яшил ҳудуд барпо этишни талаб қилади”, дейилади тадқиқотлар институти хабарида.
ОТМларнинг пойтахтда марказлашгани сабабли бошқа ҳудудлардаги кўплаб ёшлар Тошкент шаҳрига келиб таълим олишига тўғри келмоқда. Тошкент шаҳрида нархларнинг бошқа ҳудудларга нисбатан юқорилиги, талабалар турар жойларининг етишмаслиги ва ижара нархининг баландлиги таълим ҳаражатлари бир неча баробарга ортиб кетишига олиб келмоқда.
Иқтисодиётнинг маълум тармоғи учун мутахассислар тайёрловчи таълим муассасаларини шу тармоққа ихтисослашган ҳудудларга жойлаштириш фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаб, таълим сифатини оширишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, ОТМлар атрофида хизмат кўрсатиш объектларининг кўпайиши ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига мультипликатив таъсир қилиб, ҳудудлараро табақалашув даражаси қисқаради.
LiveБарчаси