ОТБ Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун имтиёзли қарз беради
Жамият
−
10 Февраль 2022
4166Жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда таъкидланишича, 2021 йил 7 октябрда Осиё тараққиёт банки Директорлари кенгаши томонидан “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга 25 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли давр билан $100 млн миқдорида қарз ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.
ОТБ маблағлари Ўзбекистон Республикаси бюджетининг харажатларини молиялаштириш учун фойдаланилади. Молия вазирлиги - лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш, шунингдек, ОТБ маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Валюта хатарларини қисман хеджирлаш мақсадида халқаро молиявий контрагентлар билан ҳамкорликда ОТБ маблағларининг $20 млн миқдоридаги қисми бўйича 3 йил муддатга илк синов своп операциясини амалга ошириш назарда тутилган.
ОТБ маблағларини қайтариш ва фоиз бўйича тўловлар ҳамда илк синов своп операцияси доирасида амалга ошириладиган фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон республика бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда, Халқаро своп ва деривативлар ассоциациясининг бош келишувига асосан тушадиган даромадлар Республика бюджетининг даромадлари сифатида акс эттирилади.
Марказий банкка лойиҳани ҳамда Халқаро своп ва деривативлар ассоциацияси билан транзакцияларни амалга оширишда молиявий агент функциясини бажариш тавсия этилди.
Осиё тараққиёт банки томонидан “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳаси доирасида ажратиладиган қарзни қайтариш ва фоиз бўйича тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадвали тасдиқланди.
LiveБарчаси