“Отамизни ўлдирганларни афв этамиз”. Қошиқчининг оила аъзолари қотилларни кечирди

Олам

image

2018 йилнинг октябрь ойида ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консуллигида ўлдирилган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг оиласи бу жиноятни содир этганларни кечирганини маълум қилди. Тегишли хабар бугун, жума куни журналистнинг ўғли Салоҳнинг Twitter’даги расмий саҳифасида эълон қилинди.

"Ушбу муқаддас ойнинг (Рамазон – таҳр) фазилатли кечасида <..>, биз – Жамол Қошиқчининг ўғиллари – отамизни ўлдирганларни кечирамиз", дейилган матнда.

Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, у ерда “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди. Халқаро ҳамжамият ушбу жиноятни қоралаб, Риёдни шаффоф тергов ўтказишга чақирди.

Саудия Арабистони Бош прокурори 2018 йил 15 ноябрда терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: қиролликнинг 11 фуқароси қотилликка алоқадорликда айбланиб, улардан беш нафари ўлим жазосига маҳкум этилди. Пойтахт Ар-Риёднинг маълумотларига кўра, дастлаб журналист Саудия Арабистонига олиб кетилишини ва ўлдиришни хоҳламаган. 

Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида ушбу иш бўйича беш судланувчи ўлимга ҳукм қилинган, яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. Ушбу ишда жами 11 киши жалб этилган. 25 март куни Истанбул прокуратураси Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 18 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жамол Қошиқчи

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг