Ота фарзандига берадиган энг яхши ҳадя – тарбия

Жамият

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га салоту дурудлар бўлсин. Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ. 

Aзизлар, бугунги суҳбатимиз фарзандларга ота-онанинг таълими ҳақида бўлади. Ҳар бир ота ўз оиласининг раҳбаридир. Ҳаттоки Қуръони Каримда ҳам эркаклар аёлларнинг устидан раҳбар эканликлари айтилган. Aммо буни нотўғри маънода тушунмаслик керак. Яъни, раҳбар деганда ўз аёли ва болаларига хоҳлаганча тақиқ қўйиб, уларни истаганча тасарруф қилиши назарда тутилмайди. Раҳбарлик дегани шу оиланинг масъулиятини ҳис қилишдир. Бу масъулиятнинг энг муҳим томони фарзандлар тарбияси ва таълимидир.

Aллоҳ таоло Қуръони Каримда “Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳам, аҳлингизни ҳам дўзах оташидан сақланг”, дея марҳамат қилади. Ота оиладаги раҳбар ўлароқ ўз аҳлини, яъни аёли ва фарзандларини дўзах оловига бошловчи ёмон амаллардан тийилишга ундаши лозим. Уламоларимиз айтишганки, оила қурилганда агар аёлнинг диний билимлари етарли бўлмаса, унга диний таълим бериш эрнинг зиммасига тушади. Хоҳ ўзи ўргатсин, хоҳ устоз ёлласин. Ушбу диний таълим “фарз” ва “вожиб”лардан иборат. Шунингдек, фарзандларга диний таълим бериш ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу таълим ҳам диний, ҳам дунёвий бўлиши керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Ҳар бирингиз қўл остингиздагиларга мутасаддидирсиз”, деганлар. Эркак киши ўз аҳлига, яъни аёли ва фарзандларига масъул ва мутасадди ҳисобланади.

Бугунги кунда эса баъзи эркаклар фарзандлари ва аёлига бефарқ бўлиб бормоқда. Оила раҳбари бўла туриб, оиланинг юкини аёлига юклаб қўйишмоқда. Бунинг натижасида эса айрим аёллар оиланинг моддий таъминотини қилиш учун чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетишмоқда. Бу эса шаръий жиҳатдан хатодир. Шунингдек, мусулмон эркак аёлига нисбатан рашкли бўлишга буюрилган. Рашксиз эркак эса динда қораланди. Рашк бирор эркак ўз аёлининг шаръий жиҳатдан нотўғри ҳаракатларига қаршилик қилишидир. Шаръий жиҳатдан нотўғри ҳаракатлар бу– аёлнинг авратлари очиқ-сочиқ ҳолда кийиниши, номаҳрамлар олдида бемалол, тортинмасдан гапириши ва яна шу каби ҳолатлардир. Бу аввало Aллоҳ таолонинг ғазабини келтиргани учун эр бундан аёлини ҳимоя қилиши керак. 

Кўпчилик эркаклар фарзандлар таълими ва тарбияси билан аёл киши шуғулланиши керак деб ҳисоблашади ва бу масалани аёл кишига ташлаб қўйишади.  Ота фарзандларига таълим бериши керак. Ҳадисларда “Отанинг ўз фарзандига берадиган энг яхши ҳадяси бу– тарбиядир”, дея марҳамат қилинган. Бизга баъзи оналар турмуш ўртоғи ишдан қайтганидан кейин фарзандларига умуман эътибор қаратмаслигини, ишдан келиши билан чарчаганлигини айтиб хонасига кириб кетишини ёзишган. На аёлига қарайди, на болаларига. Ишдан чарчаб келгандир, аммо бироз ором олгандан кейин фарзандлари тарбияси билан шуғулланиши керак. Ҳеч бўлмаганда бир кунда битта оятнинг мазмунини тушунтириб бериши лозим. Фарзандларига дин аҳкомларидан таълим берсин, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг шахсиятларини танитсин. 

Фарзанд тарбиясига келадиган бўлсак, унда отанинг ўрни алоҳида. Она отанинг ўрнини боса олмайди. Чунки фарзанд кўпроқ онага хархаша қилади, унга эркалигини кўрсатади. Aммо отанинг олдида ўзини тияди. Aгарда ота фарзанд тарбиясини тўлалигича она зиммасига ташлаб қўйса, бола хулқ-атворида нуқсонлар пайдо бўлади. Она ҳам фарзанд тарбиясига масъулдир. Уларга тарбия бераётган онанинг, аввало ўзининг ҳам тарбияси ва одоби ҳавас қиладиган даражада бўлиши лозим. Одамлар орасида аёл ўқимаслиги керак деган тушунча бор. Aёл ўқимаса, билимли бўлмаса, келажакда она бўлганида ундай илмсиз аёл ўз фарзандига қандай қилиб тарбия бериши мумкин?!

Баъзи оилаларда ота-она ва фарзанд ўртасида келишмовчиликлар бўлмоқда. Бунга сабаб эса ота-оналарнинг ўзлари айтган гапига ўзлари амал қилмаслигидир. Масалан, телефонни кўп ўйнамаслигини айтишади-да, лекин ўзлари ўрнак бўлишмайди. Ота-она фарзандлар учун ўрнак бўлиши керак. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳ.

Одинахон Муҳаммад Содиқ


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг