От ўрнини той босади: “Арқадағ” ўғлининг муҳим лойиҳасини маъқуллади
Олам
−
16 Октябрь 2021
11484Кеча, 15 октябрь куни Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида Бош вазирнинг иқтисодий, банк ва халқаро молиявий ташкилотлар масалалари бўйича ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш тўғрисида ҳисобот берди. Лойиҳани Гурбангули Бердимуҳамедов маъқуллади. Бу ҳақда “Туркменистан сегодня” нашри ёзмоқда.
Бош вазир ўринбосари ўз ҳисоботида “ижтимоий соҳани ривожлантириш учун етарли миқдорда маблағ ажратилишини”, иш ҳақи, пенсия ва нафақа миқдори 10 фоизга оширилишини маълум қилган.
Ўз навбатида, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов давлат бюджетида аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш, шунингдек, турли объектлар қуриш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва электрон саноатини яратиш бўйича масалаларни ҳам кўзда тутиш кераклигини таъкидлаган.
Хабарга кўра, давлат раҳбари тақдим этилган лойиҳани маъқуллаган ва кўриб чиқиш учун Миллий Генгеш Мажлисига юборган.
Шунингдек, Президент Бош вазир ўринбосарларига мурожаат қилиб, мамлакатнинг 2022 йилги давлат бюджетининг асосий бандларини батафсил таҳлил қилиш ҳамда жорий ва таққосланадиган нархларда ЯИМ ўсиш суръатлари кутилаётган прогнозларини аниқлашни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида Президент ўғлига келгуси йил учун давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашни буюрганди. Шунингдек, унга даромадни ошириш ва қабул қилинган давлат дастурини молиялаштириш учун сармоя манбаларини топишни ҳам топширган.
LiveБарчаси