От изини той босадими ёхуд “Меҳрибон Арқадағ” тахтининг вориси ким?

Таҳлил

image

Кеча, 2022 йил 11 февраль куни кутилмаган қарорлари ва серқирра қизиқишлари билан Марказий Осиё ва дунёнинг кўплаб давлатларида яхши танилган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз лавозимидан кетишини маълум қилди. У Туркманистон юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида, давлат бошқарувини маънавий муҳитда ва замоннинг юксак талаблари асосида тарбияланган ёш етакчига беришини айтди. Қизиқ, нега бирдан “Арқадағ” ҳокимиятдан кетмоқчи, унинг ўрнини ким эгаллайди?

Бердимуҳамедов ким? У қандай қилиб ҳокимиятга келган эди? Агар у ҳокимиятдан кетса, ўрнини ким эгаллайди? Бугун шулар ҳақида сўз юритамиз. 

“Арқадағ”нинг болалиги

Гурбангули Бердимуҳамедов 1957 йил 29 июнь куни Ашхободдан 50 километр узоқликда жойлашган Бабаарап қишлоғида ўқитувчилар оиласида дунёга келган. Унинг оиласи туркман қабиласининг Ахалтекин уруғидан ҳисобланади. Бердимуҳамедовнинг ота-онаси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. 

Бердимуҳамедовнинг отаси – Мяликгули Бердимуҳамедов ўқитувчи бўлиб бир муддат мактабда тарих фанидан дарс берган. Кейинчалик, у СССР Ички ишлар вазирлигида хизмат қилиб, подполковник унвони билан нафақага чиққан.

Бердимуҳамедовнинг онаси – Огулабат Бердимуҳамедова-Курриева мактабда муаллима эди. 

“Арқадағ” ҳақида бир-бирини инкор этувчи маълумотлар мавжуд. Хусусан, айримлар манбаларда, у Туркманистоннинг собиқ Президенти Сапармурод Ниёзовнинг ноқонуний ўғли эканлигини таъкидланади.

Бўлажак раҳбар оилада ягона ўғил бўлиб, унинг Гулнабот, Дурдинабот, Гулжамол, Ўғилжамол, Меҳри исмли беш опаси бор. Муаллима она ягона ўғлига яхши таълим берди. Бердимуҳамедов мактабни аъло баҳоларга битиргач, у одамларга шифо берувчи доктор бўлишга қарор қилди. Шифокор бўлишни мақсад қилган Гурбангули, 1972 йилда Туркманистон давлат тиббиёт институтининг Стоматология факультетига ўқишга кирди. У 23 ёшида олийгоҳни тамомлаб, Эррик-Қалъа қишлоқ амбулаториясида стоматолог бўлиб иш бошлади. Уч йилдан сўнг Бердимуҳамедов Ашхобод вилояти туман поликлиникасининг бош стоматологи лавозимига тайинланди.

Сиёсий карьера

1985 йилда Бердимуҳамедов Марказий туман шифохонаси Стоматология бўлими мудири лавозимига тайинланди. 1987 йилда Москвада уч йил ўқиб, фан номзоди илмий даражасини ҳимоя қилди. У мамлакатга қайтгач, Туркманистон давлат тиббиёт институтининг Стоматология факультети декани мартабасига кўтарилди. У бу раҳбарлик курсисида икки йил ишлади. Ўзининг ҳаракатчанлиги билан юқоридагиларнинг назарига тушган Бердимуҳамедов, 1997 йилда Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазири этиб тайинланди. 

Бирма бир юқори мансаб чўққиларини забт этиб келган “Арқадағ”, 2001 йилда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари курсисини ҳам эгаллади. Ниёзов Бердимуҳамедовни ўзидан кейинги раҳбар сифатида тарбиялади. У бўлажак раҳбарни турли Халқаро йиғилишларга ўзининг ўринбосари сифатида юборди. Хусусан, 2006 йилнинг ноябрь ойида Бердимуҳамедов Минскда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида Туркманистон вакили бўлиб қатнашди.

Президентликка қадам

2006 йил 21 декабрь куни Туркманбоши – Президент Сапармурод Ниёзов вафот этди. Бердимуҳамедов дарҳол вазиятни ўз қўлига олиб, дафн маросимини ташкиллаштирди. Тоталитар давлатларда раҳбарнинг дафн маросимини ким ташкиллаштирса, ўша одам тахтни эгаллаши тахмин қилинади. Шундай бўлди ҳам. 

Туркманистон Конституциясига кўра, Президент вазифаси Парламент раиси Овезгелди Атаевга топширилиши керак эди. Бироқ, кутилмаганда Атаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, у қамоққа олинди. Ахир “Арқадағ” турганда Парламент раисига йўл бўлсин. Хуллас, Давлат хавфсизлик кенгаши қарори билан Бердимуҳамедов Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

2007 йил 11 февраль куни Туркманистонда бўлиб ўтган президентлик сайловида Бердимуҳамедов 89,23 фоиз овоз билан ғалаба қозонди ва мамлакатнинг иккинчи Президенти бўлди. 14 февраль куни янги раҳбарнинг инаугурация маросими бўлиб ўтди. Бердимуҳамедовга президентлик гувоҳномаси ва саккиз бурчакли тилла занжир кўринишидаги белги топширилди.

Хурмача қилиқлар

Сапармурод Ниёзов Туркманистонни 30 йил бошқариб, ўзига хос шахсга сиғинувчи шарқона диктатурани яратди. “Турукманбоши” қоғоз пулларга ўз суратини туширтирди, кўча ва шаҳарларни ўз номи билан атади. Ахлоқ қоидаларига кўра, у билан учрашган амалдорлар унинг қўлини ўпиши керак эди. Шу даражага етдики, ой номлари унинг оила аъзолари шарафига ўзгартирилган эди.

2006 йилда иқтидорга келган Бердимуҳамедов Ниёзовдан ҳам ўтиб тушди. Унинг даврида шахсга сиғиниш чўққига чиқди. Унинг суратлари ҳар бир хонадонда бўлиши шарт қилиб белгиланди. Мамлакатда Бердимуҳамедов тасвири туширилган олтин ва кумуш тангалар зарб этилди. Бундан ташқари, янги турмуш қурганлар давлат раҳбарининг портрети фонида суратга тушишлари шарт қилиб қўйилди. 

2013 йилда Бердимуҳамедов туғилган куни муносабати билан Ашхободда катта байрам бўлди. Унда жаҳонга машҳур санъаткорлар Женнифер Лопес, Мустафо Сандал, Ненси Ажрам, Зийнет Сали, Филипп Киркоров, Ани Лорак, Сати Казанова ва “Reflex” гуруҳи қатнашган. Бу туғилган кунда Женнифер Лопес “Туғилган кунингиз билан, жаноб Президент” деб номланган қўшиқ куйлаган.

2015 йилда Туркманистон раҳбарининг отда ўтирган 21 метрлик ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ҳайкал 24 карат олтин билан қопланган.

“Арқадағ” китоб ҳам ёзиб туради. У ёзган асарлар мамлакатда “бестселлер” даражасига чиққан. Хусусан, Бердимуҳамедов “Туркманистон соғлом ва юксак маънавиятли одамлар мамлакати”, “Ахалтеке оти бизнинг фахримиз ва шон-шарафимиздир”, “Туркманистоннинг доривор ўсимликлари”, “Яхши ном ўзгармасдир” деб номланган китобларнинг муаллифи ҳисобланади.

Бердимуҳамедов Туркманистонда халқи учун ҳақиқий “супермен” ҳисобланади. У қўшиқ айтишни, спорт билан шуғулланишни, от минишни яхши кўради. “Арқадағ” 2011 йилда "Сен – менинг оқ гулларим" деб номланган мусиқий альбомини эълон қилди. Шундан бери у ҳар байрамда омма олдига чиқиб, қўшиқ куйлайди. Амалдорлар эса унинг атрофида қўғирчоққа ўхшаб рақсга тушади. Кейинги вақтларда унинг қўшиқлари тўйларда ҳам қўйилиши ва келин-куёвлар рақсга тушиши мажбурий этиб белгиланган.

Мамлакатдаги тақиқлар

Туркманистонда бир қанча тақиқлар мавжуд бўлиб, уни бузган инсонлар қаттиқ жазоланади. Мисол учун, мамлакатда қора машина ҳайдаш, аёлларга автомобиль бошқариш ва шим кийиш тақиқланган. Ҳайдовчи қабристон олдидан ўтаётганда радиони ўчириши шарт. 

Шунингдек, мамлакат расмий ахборот дастурлари унинг сурати ва унга тегишли хабарлар билан бошланади. Теледастурларда бошловчи ва журналистлар Президентга нисбатан “Меҳрибон Арқадағ” калимасини қўллашлари мутлақо шарт. 

Туркманистонда YouTube, Twitter, Fecbook’га кириш тақиқланган. Эрта тонда бутун мамлакат аҳолиси белгиланган вақтда туриб, эрталабки бадан тарбия қилиши шарт.

Табиий бойликлар

2018 йилги маълумотларга кўра, Туркманистон дунёда табиий газ захираси бўйича тўртинчи ўринда туради. Мамлакат Каспий денгизида 11 миллиард тонна нефть ва 5 ярим триллион кубометр табиий газ захирасига эга. Туркманистон асосан газни Хитойга экспорт қилади. 1993 йилда мамлакат аҳолиси учун газ, электр энергияси ва сув бепул қилиб белгиланган. Шунга қарамай аҳолининг кўп қисми қашшоқликда кун кечиради.

Бердимуҳамедов оиласи

Президентнинг қариндошлари кўп, лекин улар нима иш билан шуғулланиши ҳақида маълумот йўқ. Давлат раҳбарининг Сердар исмли бир ўғли ва Гулжамол ҳамда Гулшан исмли икки қизи бор. “Арқадағ”нинг катта қизи Гулжахон Лондонда истиқомат қилади. У Туркманистоннинг углеводород ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш давлат агентлигининг Буюк Британиядаги вакили Иласгелди Амановга турмушга чиққан. Кичик қизи Гулшан эса Парижда яшайди. У Туркманистоннинг Франциядаги элчихонаси ходими Деря Отабоев билан оила қурган.

“Арқадағ”нинг ягона ўғли Сердар ҳақида сал пастроқда батафсил тўхталиб ўтамиз.

Баъзи маълумотларга кўра, Бердимуҳамедовнинг Марина исмли норасмий россиялик рафиқаси бўлиб, у бир вақтлар давлат раҳбари ишлаган стоматология клиникасида ҳамширалик қилган. Бироқ бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.

Парда ортига чекинаётган “Арқадағ”

Бердимуҳамедов 2007 йилда Конституцияга ўзгартириш киритиб, ўзига Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси, Туркманистон Қуролли Кучлари Олий қўмондони, армия генерали унвонини олди. Бир сўз билан айтганда, у “суперпрезидент”га айланди. 

2017 йилда Бердимуҳамедов мамлакат бошқарувида жиддий ўзгариш қилди. Унга кўра, мамлакатда янги Конституция қабул қилиниб, Парламент икки палатали тизимга ўтказилди. Жорий қилинган янги Конституцияга мувофиқ Бердимуҳамедов давлат раҳбарлигидан кетса, Халқ Маслаҳати раиси лавозимини эгаллайдиган бўлди. “Арқадағ” шу йўл билан Назарбоев сингари парда ортидан туриб мамлакатни бошқаришни режа қилди.

Бердимуҳамедов меросхўри

Туркманистон раҳбарининг ўғли Сердар айни дамда 41 ёшда бўлиб, у мамлакатда отасидан сўнг энг обрўли шахс ҳисобланади. “Арқадағ”нинг арзандаси 2008-2011 йиллар давомида Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясида таълим олган. Ўқишни тамомлагач, 2011-2013 йилда БМТнинг Женевадаги (Швейцария) бўлимидаги Туркманистон ваколатхонасида маслаҳатчи лавозимида ишлади. Хорижда тажриба оттирган Сердар, 2016 йилда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

2021 йил 11 февраль куни у отаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига қўйилди. Шу тариқа, Бердимуҳамедов ўз ўғлини ҳокимият пиллапоясига олиб чиқиб қўйди. Қизиғи, бу воқеадан роппа-роса бир йил ўтиб, аниқроғи 2022 йил 11 февраль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз лавозимини ёш етакчиларга топшириб, Халқ маслаҳати раиси сифатида қолишини айтди. Турган гапки, мамлакатда битта ёш кадр бор. У ҳам бўлса Сердар Бердимуҳамедов. 

Айрим сиёсатчилар, “Арқадағ” президентлик курсисига ўз ўғлини ўтказиб, ўзи ёш Президентга маслаҳатчи сифатида парда ортида туриб мамлакатни бошқаришини айтмоқда.

Келгуси ойда мамлакатда Президент сайлови ўтказилиши белгиланган. Номзодлар ҳозирча маълум эмас. Балки улар орасида “Меҳрибон Арқадағ”нинг арзандаси ҳам бўлар.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

812

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг