Остонада уруш тургандек...
Таҳлил
−
06 Январь 2020
335263 январь тонги. Панада ётган мақсадлар уйғонди.
Ироқ пойтахти Бағдоддаги халқаро аэропортда Эрон Ислом Республикасининг (ЭИР) Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) таркибига кирувчи “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний АҚШ ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Натижада аллақачон қил устига келиб қолган икки давлат муносабатлари норасмий урушга айланиб кетди. Ҳодиса халқаро ҳамжамиятни оёққа турғазди.
Таъкидлаш керакки, Эрон ва АҚШ муносабатлари бусиз ҳам ҳавас қилгулик бўлмаган, аммо ҳозиргидек кескин тус ҳам олмаган. Бугун юзага келган сиёсий муҳитда икки давлат алоқалари тарихига тўхталиб, воқеалар хронологиясига назар ташласак.
АҚШ-Эрон муносабатлари тарихи
Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1883 йилда ўрнатилган. У вақтлар Эрон Форс империяси деб аталган ва уни шаҳаншоҳ бошқарган. АҚШнинг Эронга кириб бориши Иккинчи жаҳон уруши вақтида кучайган. Негаки, мамлакат собиқ Совет Иттифоқига ленд-лиз етказиб бериш учун коридор вазифасини бажарган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин то 1979 йилгача Эрон-Америка муносабатлари яхши бўлган. АҚШ Эрон Совет Иттифоқи томонига ўтиб кетмаслиги ва унинг бойликларидан беминнат фойдаланиш учун унга яқинлашган ва молиявий кўмак берган, албатта, буларни қайтариш шарти билан.
1978-79 йилларда юз берган Ислом инқилоби натижасида Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий мамлакатдан чиқиб кетган. 1980 йилда Эронда АҚШ элчихонаси вакиллари ҳибсга олинганидан икки мамлакат алоқалари бутунлай узилган.
Кейинги даврларда АҚШ Эроннинг ядро дастурига норозилик билдирган. Шунинг учун, Эронга қарши кўплаб санкциялар жорий қилган ва бу чекловлар ҳамон ўз кучида. Бундан ташқари, Америка ЭИРни ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” каби террорчи ташкилотларни таъминлаб туришини қоралайди.
2013 йилда Ҳасан Руҳоний Эрон Президенти бўлгач, муносабатларда илиқлик кузатилди. 34 йилдан сўнг илк бор АҚШ (ўша вақтда Барак Обама) ва Эрон (Ҳасан Руҳоний) Президентлари телефонда мулоқот қилди. Айнан Руҳоний даврида “6+1” (АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Германия, Буюк Британия ва Эрон) шаклида Эрон ядро дастури бўйича келишув имзоланди.
Муносабатларнинг қайта кескинлашуви
Шу вақтгача ҳаммаси деярли рисоладагидек келаётганди, аммо 2018 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакати Эрон ядро дастури бўйича “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси”га амал қилишни тўхтатишини ва қадрдон санкцияларни тиклашини маълум қилди. Шундай сўнг муносабатлар яна “минус”га қараб кетди.
2018 йил июнида Трамп Эронга қарши ҳаракат қилишини очиқча билдирди. Натижада июль-август ойларида ИИПК кучлари турли важлар билан Ҳурмуз бўғозидан ўтувчи бир нечта танкерни қўлга олди.
Бундан ташқари, 2018 йилда Эронга алоқадор шиа жангари гуруҳлари АҚШ ҳарбийларига ҳужумлар уюштирди. Америка бу гуруҳларни ўз дипломатик корпусига ҳужум қилишда айблади. Бунинг учун ҳатто, тўғридан-тўғри Эронни жазолаш истаги ҳам пайдо бўлди. Аммо Пентагоннинг ўша вақтдаги раҳбари Жеймс Меттис Трампни бу фикрдан тўхтатиб қолди.
2018 йилнинг ноябрида АҚШнинг Эронга қарши санкциялари тикланди.
2019 йилнинг апрель ойида АҚШ бутун бошли ИИПКни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди. Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Яқин Шарқ, Шарқий Африка ва Марказий Осиёдаги ҳаракатларга жавобгар Марказий қўмондонлиги ва унга алоқадор тузилмаларни террорчи деб эълон қилди.
Бу орада 2019 йилнинг май-июнь ойларида Уммон кўрфазида БАА ва бошқа давлатлар нефть танкерлари ҳужумга учради. Кейинроқ Саудия Арабистони миллий нефть компанияси “Saudi Aramco” объектларига ҳужум уюштирилди. Аммо бунинг ортида ким тургани мавҳумлигича қолди.
2019 йилнинг 20 июнида ИИПК ҳаво кучлари Форс кўрфазида Америка дронини уриб туширди. Эрон бунга сабаб қилиб ўз ҳаво ҳудуди бузилганини кўрсатди, АҚШ буни инкор этиб, дрон халқаро ҳаво ҳудудида учганини иддао қилди. АҚШнинг бунга жавобан тайёрлаган зарбаси ҳужум бошланишига 10 дақиқа қолганда бекор қилинди. Трамп бир дрон ҳужумдан кейинги оқибатлар учун арзимаслигини таъкидлади.
2019 йилнинг 27 декабрь куни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базасига шиа жангари гуруҳлари томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида бир неча америкалик ҳалок бўлди ва мана шу ҳодиса кейинги воқеаларнинг тамал тоши вазифасини бажарди. 28 декабрь куни Трамп АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларига Ироқдаги шиаларнинг “Катаиб Ҳизбуллоҳ” ҳаракати объектларига ҳужум қилишни буюрди. Натижа, 30 декабрь куни намойишчилар Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум қилди.
Ва ниҳоят, 2020 йил 3 январь куни АҚШ-Эрон муносабатларида “портлаш”га сабаб бўлган воқеа юз берди. Эроннинг бош стратеги, мамлакат ташқи сиёсатининг йўналтирувчиси Қосим Сулаймоний ўзга давлат ҳудудида ўлдирилди. Эрон Олий раҳбари Оятулло Али Ҳуманаий бу учун қасос олишга ваъда берди. Ўша куни Эрон Американинг 36 та ҳарбий базасига зарба бериши мумкинлиги очиқланди. Унинг ортидан Ироқдаги АҚШ элчихонаси яқинида ракета портади. Шунингдек, Америка ҳарбийлари фойдаланадиган Балад ҳарбий-ҳаво базаси ҳужумга учради.
Икки давлат ўртасида уруш бўладими?
Соат сайин ёмонлашаётган АҚШ-Эрон муносабатлари бутун дунёда бир савол туғдиради: Уруш бўладими? Аслида-ку, норасмий уруш аллақачон бошланган, аммо бу давлатларнинг расмий қуролли кучлари даражасига чиқмаган.
Қосим Сулаймоний сўнгги 20 йил давомида Эрон стратегияси ва ташқи сиёсатининг меъмори бўлгани шубҳасиз. Аммо ҳар қанча муҳим бўлганда ҳам Сулаймонийнинг қотиллиги учун уруш бошлаш тўғри бўлмайди, агарда давлат обрўси учун бу ишга қўл урилса, уни ҳам қабул қилиш мумкин. Агар Америка яна бирор аҳмоқликка қўл урса, шундай бўлиши турган гап.
АҚШ ҳам Эрон ҳам тўғридан-тўғри урушни истамайди. Чунки талафот даҳшатли бўлиши шубҳасиз. Эрон ҳар қанча кўп шовқин кўтаргани билан бевосита АҚШ ҳудудига зарба беролмайди. Демакки, уруш бошланса, у Эронга яқин ҳудудда юз беради. Бу эса миллионлаб эронликларнинг ҳалокати дегани. Ўз навбатида АҚШ ҳам урушдан енгил қутилмайди. Эроннинг қўли океан ортига етмас, аммо бурнининг тагида Американинг “укаси” Исроил бор, бу билан ҳам ҳоврини босолмаса Саудия Арабистони бор.
Бир томондан, Сулаймонийнинг ўлими АҚШга унчалик керакмасдек. Сулаймоний АҚШдан кўра Исроилга хавфлироқ бўлган. Американинг Яқин Шарқдаги мавжудлиги, Эрон зиммасига юкланган 40 йиллик санкциялар ким учун? Ўйлашимизча, бу Исроил, унинг йўқ бўлиб кетмаслиги ва, албатта, энергетик бойликлар учун. Эрон доим яҳудийлар давлатини йўқ қилишини очиқча айтиб келган. Аммо санкциялар мамлакатнинг қўл-оёғига солинган “кишан”дек гап. Уруш бошланса, биринчи нишон Баҳрайндаги АҚШнинг Марказий қўмондонлиги, иккинчиси Тел-Авив бўлиши эҳтимоли юқори. Шунинг учун, АҚШ ҳам тўғридан-тўғри тўқнашувлардан тийилиши турган гап.
Албатта, Эроннинг иккинчи одами бошқа давлат ҳудудида террорчилардек ўлдирилиши унутиб кетадиган ҳодиса эмас. Эрон бунинг ҳисобини АҚШдан сўрайди. Аммо бу бошқалар қўли билан амалга оширилиши ҳақиқатга яқинроқдек...
Сулаймонийнинг ўлдирилишига турли даражадаги ҳарбийлар, сиёсатчи, эроншунос ва Яқин Шарқ минтақаси бўйича мутахассислар ўз фикрларини билдирди.
Хусусан, “Араб баҳори” ва Яқин Шарқ геосиёсати бўйича мутахассис Сет Жонс мазкур қотиллик АҚШ ва Эрон можаросини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.
АҚШниннг собиқ вице-президенти Жозеф Байден ҳодисага қуйидагича муносабат билдирди:
“Президент Трамп порох бочкасига динамит ташлади. Энди бўлса, у америкаликларга бизнинг элчихона ходимлари ва ҳарбийларни, одамларимиз ва қарашларимизни ҳам уйда, ҳам хорижда, шунингдек, минтақадаги ҳамда унинг ташқарисидаги шерикларимизни қандай ҳимоя қилишини айтиши керак”.
АҚШ Президентлиги учун Демократлар партиясидан номзод Элизабет Уоррен генерал Сулаймоний “қотил” эканини таъкидлаган ҳолда, унинг жисмонан йўқ қилинишини аҳмоқона қадам деб атади.
“Ушбу ҳаракатга баҳо бериш қийин”, деганди истеъфодаги генерал Дэвид Петреус. У Афғонистон ва Ироқдаги операцияларда қўмондонлик қилган ва МРБ директори бўлган. Петреус бу операция Ироқ ва катта эҳтимол билан Сурияда ҳам акс садо беришини таъкидлаганди. Петреус ҳақ бўлиб чиқди. Сулаймоний ўлдирилишига қарши намойишлар нафақат Яқин Шарқда балки Покистон ва Кашмирда ҳам авж олди.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси ҳақидаги “Vanguard of Imam” (“Имом авангарди”) китоби муаллифи Афшон Остовар Сулаймоний ўлдирилганидан кейин Эрон Олий раҳбари тезда “Қудс”нинг янги қўмондонини тайинлашини айтганди.
“У (таҳр. Қосим Сулаймоний) Ислом Республикасининг ташқи оламга кўрсатган белгиси, уларнинг стратегиясининг рамзи эди, аммо стратегиянинг ўзи у билан якунланмайди”, деган Остовар.
Остовар ҳақ бўлиб чиқди. Оятулло Али Ҳуманаий ўша куннинг ўзида “Қудс”нинг янги қўмондонини тайинлади.
Халқаро ҳамжамият фикри
Дунёга “тиргак” бўлишга уринувчи давлатлар бўлаётган воқеаларга муносабат билдирди. Россия АҚШни минтақада қуролли можаро келтириб чиқаришда айблаган бўлса, Хитой томонларни, хусусан, АҚШни босиқликка чақирди. Минтақадаги йирик куч Туркия Сулаймонийнинг ўлимини Яқин Шарқдаги тинчлик учун катта хавф деб қарши олди.
Франция эса тинчлик тарафдори эканини ва энг кўп Сулаймонийнинг ўлими каби Эрон-АҚШ муносабатларини кескинлаштирувчи ҳодисалардан чўчиб турганини таъкидлаб ўтди. Буюк Британия бўлар иш бўлдику, келинглар энди қуролларни ташлаб, тинчликда яшайлик қабилида муносабат билдирди.
Ҳозирда Эрон АҚШ ҳарбий объектларига ҳужумга тайёрланяпти. Воқеалар ривожи қандай бўлиши мавҳум. Умид қиламиз, барчаси минимал йўқотишлар билан барҳам топади. Бу ҳолатдан чиқишнинг дипломатик йўл йўқлиги кундек равшан.
LiveБарчаси