“Осмонимизда бегона жисм керак эмас”. Россия медиаси Озарбайжонга истеҳзоли жавоб қайтарди (видео)
Олам
−
28 Декабрь
986526 декабрь куни Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Озарбайжон ҳаво йўллари (AZAL) фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини талаб қилгани ортидан рус телеканаллари бунга истеҳзоли шаклда жавоб қайтармоқда.
Россия медиаси томонидан эълон қилинган видеода осмонда учаётган қизил кийимли Санта Клаус Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ва мовий кийимдаги рус қорбобоси “Бизга осмонимизда бегона жисм керак эмас. Янги йилингиз билан россияликлар”, деганини кўриш мумкин.
Озарбайжоннинг “Baku TV” телеканалининг сиёсий журналисти Севинч Гулмаммадовага кўра, танглик авжига чиққан, дипломатия нозик мувозанатда бўлган бир пайтда бундай видеонинг чиқиши ҳам виждонни, ҳам адолат туйғусини издан чиқаради. Фожиа ортидан ушбу видеонинг тарқатилиши на тасодиф, на бир байрам ҳазили. Бу, аниқ бир позиция ифодасидир.
“Озарбайжон самолётининг уриб туширилганидан сўнг бундай қадамнинг ташланиши Кремлнинг ниятларини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Бу ёндашув дипломатик муносабатларга эмас, балки очиқдан-очиқ таҳдид ва хабар беришга асосланган”, дейди журналист.
Сиёсий журналистнинг қўшимча қилишича, молиявий ёрдам таклифлари масаланинг моҳиятини яширмайди. Россия томони омма олдида жавобгарликни ўз зиммасига олиши ва содир бўлган вазият юзасидан кечирим сўраши муҳимдир.
“Сўз тугайди, лекин ҳақиқат жим турмайди. Озарбайжон халқи адолат ва расмий узр сўрашни кутмоқда. Бу ҳам халқаро ҳуқуқ, ҳам мамлакатимиз қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун зарур”, деб ёзади Гулмаммадова.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россияниг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси