Ошқозоности бези саратони: Касалликка нега кеч босқичда ташхис қўйилади?

Саломатлик

image

Ошқозоности бези саратони сезиларли аломатларсиз пайдо бўлиши сабабли кеч босқичда аниқланади. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Олимжон Имомов маълум қилди.

Мутахассисга кўра, ошқозоности бези саратони дунёда онкологик хасталиклардан ўлим сабаблари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ер юзи бўйича йилига 500 мингга яқин киши ушбу касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмаётгани бунинг тасдиғи. Муаммонинг энг асосий омили касаллик сезиларли аломатларсиз пайдо бўлиши билан боғлиқ. Шу боис ўсимта аллақачон илдиз отиб улгурган бўлади ва аксарият ҳолларда унга анча кеч босқичда ташхис қўйилади.

Бу хасталик одатда 65 ёшдан ошган одамларда, қолаверса, аёлларга нисбатан эркакларда кўпроқ учрайди. Кашандалик, ортиқча вазн ва семизлик, сурункали панкреатит мазкур касалликка чалиниш хавфини ошириши мумкин. 

Юқорида айтилганидек, ошқозоности бези саратонининг яққол белгилари йўқ. Шунга қарамай, қориннинг юқори ёки орқа қисмида доимий ёки кучаювчи оғриқ, тўсатдан вазн ва иштаҳа йўқолиши, тери ва кўз соҳасида сарғайиш, пешоб ранги қорамтир тусга кириши, қандли диабет симптомлари тўсатдан пайдо бўлиши кузатилади.

Кўнгил айниши, қусиш, овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар, сабабсиз чарчоқ, заифлик, депрессия ва қувватсизлик кузатилиши эҳтимоли юқори. Ана шу симптомлар тез-тез содир бўлса, шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади.

Ошқозоности бези саратонини даволаш одатда касаллик босқичи ва турига ҳамда беморнинг саломатлик ҳолатига кўра белгиланади. Бунда жарроҳлик амалиёти, радиотерапия, кимётерапия, иммунотерапия, паллиатив ёрдам каби муолажа усуллари қўлланилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш 10 тадан 9 та ҳолатда тузалиш имконини бериши ҳақида хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ошқозоности бези саратони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар