Ортиқхўжаев ва аҳоли учрашуви муросасиз кечди. Ҳоким уч кун муддат сўради

Жамият

Хабарингиз бор, февраль ойи бошида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга пойтахт марказидаги халқ орасида “Мовий гумбазлар” деб аталадиган сердарахт майдон ўрнида барпо этиладиган “Истиқлол” мажмуаси лойиҳасини тақдим этган эди. Ушбу лойиҳа кўплаб тошкентликлар, хусусан ушбу ҳудудда истиқомат қилиб келаётган аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлди.

Кўплаб норозиликлар ва эътирозлардан сўнг, бугун, 13 февраль куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳоли билан учрашди. Йиғилганларнинг кўп қисми майдондаги эски, кўп йиллик манзарали дарахтлар кесилишига қаршилигини айтиб ўтди.

Ҳоким учрашув давомида пойтахт марказида жойлашган Амир Темур хиёбони биёбонга айланиши билан боғлиқ йилларни эслади.

“Худди сизларга ўхшаб мен ҳам шу боғнинг сақланиб қолишини хоҳлайман. Мен ҳам Тошкентда 46 йилдан бери яшайман. Менинг ҳам киндик қоним шу ерда тўкилган. Амир Темур хиёбонида чинорлар кесилиб кетаётганда мен мактаб ўқувчиси эдим. Нега ўшанда сақлаб қолмадингиз? Ўша вақтда қаерда эдингиз?”, деди Ортиқхўжаев.

Ҳоким агар Тошкент марказидаги “Мовий гумбазлар” хиёбони бугун обод қилиниб, бу ерга мустақиллик стеласи ўрнатилмаса, ўзидан кейин унинг ўрнини эгаллайдиган ҳоким бу жойни кўп қаватли уй ёки меҳмонхона қуришга бериб юборишини айтиб, аҳолини огоҳлантирди.

Шундан сўнг, Ортиқхўжаев “Истиқлол” мажмуаси қурилишида бирорта дарахт кесилса, ўз аризаси билан ишдан кетишга тайёр эканини алоҳида айтиб ўтди.

“Ишдан олишса, кетаман. Яна айтаман: дарахтлар кесилмайди, аксинча, қўшилади. Бўш жойга мустақиллик стеласини ўрнатамиз. Агар дарахт кесилса, ўз аризам билан ишдан кетаман”, деди Ортиқхўжаев.

Учрашувда кимдир “Истиқлол” мажмуаси қурилишига рози бўлса, яна кимдир мутлоқ қаршилигини билдирди. Вазият шу даражага бордики, тўпланганлар бир-бирларини эшитмай, ўз фикрларини маъқуллашга ўтиб кетишди. Шу орада шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан қурилиши режалаштирилаётган мажмуа қанча майдонни эгаллаши ҳақида маълумот бериши сўралди.

Ортиқхўжаев эса бунга жавобан 3 кундан кейин “Мовий гумбазлар” боғи ҳудудига лойиҳа макети олиб келинишини айтди.

“Уч кун ичида тақдим этилаётгам лойиҳанинг макетини айнан шу ерга олиб келамиз. Қурилиш қанча майдонда амалга оширилиши, нималар ўрнатилишини, дарахтлар кесилмаган ҳолда боғ яратилишини таъминлаймиз. Уч кундан сўнг лойиҳа макети билан танишасиз ва ҳамма ўз фикрини билдиради. Кўриб рози ёки қарши эканингизни айтсангиз бўлади”, дея масалага нуқта қўйди ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва аҳоли учрашувини юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

537

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made